Оила муносабатлари билан боғлиқ қонун ҳужжатларининг асосий мақсади — жамиятнинг бир бўлаги бўлган оиланинг ўрнини мустаҳкамлаш, оилавий муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч, ҳурмат, ҳамжиҳатлик асосида қуриш, оила аъзоларининг ўз ҳуқуқларидан тўла фойдаланишини ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоясини таъминлашдан иборат.

Оила муносабатлари билан боғлиқ қонун ҳужжатларининг асосий мақсади — жамиятнинг бир бўлаги бўлган оиланинг ўрнини мустаҳкамлаш, оилавий муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч, ҳурмат, ҳамжиҳатлик асосида қуриш, оила аъзоларининг ўз ҳуқуқларидан тўла фойдаланишини ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоясини таъминлашдан иборат.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида оиланинг жамиятнинг муҳим бўғини сифатидаги ўрни ҳамда давлат муҳофазасида эканлиги, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар эса, ўз ота-оналарига ғамхўрлик кўрсатишга мажбурлиги, оналик ва болалик давлат томонидан ҳимояланиши мамлакатимиз Конституциясининг XIV-бобида  белгилаб қўйилган.

Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг  бахтли бўлишини истайди, албатта. Лекин қизимни тезроқ турмушга берсам, хотиржам бўлардим деган нотўғри қараш билан қайсидир маънода ўз ҳаловатини ўйлайдиган, фарзандининг ўқишини давом эттириши ёки эгаллаган касби бўйича ишлашига тўсқинлик қиладиган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Оилада қиз болани барвақт турмушга бериш ва бунинг натижасида эрта фарзанд кўриш ҳолатлари, қариндош уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг зарурлиги борасида турли хил тарғибот-ташвиқот ишлари тизимли равишда амалга ошрилаётганлигига қарамасдан, ҳали ҳамон ўз  ҳаёти, келажаги ва саломатлигига бефарқ қараётган ёшларимиз учраб турибди.

Шифокорларнинг таъкидлашича, 16-17 ёшли қизлар она бўлишга жисмоний ва маънавий жиҳатдан ҳали тўла тайёр бўлмайди. Бу ёшда ҳомиладор бўлиш ёш она ва чақалоқ ҳаётига жиддий хавф солади. Кўп ҳолларда бундай ёшдаги қизларнинг соғлом фарзандни дунёга келтиришида турли муаммолар келиб чиқади. Қизларнинг  жисмонан ва рухан оналикка тайёр бўлмасдан оила қуриши кўпинча туғриқ жараёнида хавфли асоратларга сабаб бўлиши, она ва бола ўлими юз бериш хавфи ортади. Бундан ташқари, ҳали тайинли касб-корга эга бўлмаган ёш она муайян маънавий-ижтимоий муаммоларга ўралашиб қолиши, турмуш қийинчиликлари олдида ожиз қолиб, энг мақбул йўл сифатида ажралишни маъқул кўраётганлар ҳам оз эмас.
Мутахассисларнинг далилларга асосланган тиббиёт хулосаларига кўра, қизлар учун оила қуришга энг қулай давр 20-24 ёш, йигитлар учун 24-26 ёш, уларнинг ёшлари орасидаги фарқ 3-6 ёшгача бўлгани мақсадга мувофиқ.
2013 йилнинг 30 апрелида кучга кирган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳам эрта турмуш қуришнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ 473-модда билан тўлдирилди. Энди никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни турмушга узатиш ёки уйлантириш энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жаримага тортилишига олиб келади. Бундан ташқари, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, Жиноят кодексига 1251-модда киритилди. Мазкур модда никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқдир. Яъни никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч ойгача қамоқ билан жазоланади. Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни турмушга узатиш ёхуд уйлантириш, шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд тўрт ойгача қамоқ билан жазоланади. Шунингдек, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланиши белгилаб қўйилди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, жамиятнинг муҳим бўғини бўлган оилани мустаҳкамлаш, юртимиздаги маънавий ўзгаришлар асосида ривожлантириш, нуфузини оширишга доир режалаштирилган дастурларни бажаришда жамиятнинг барча институтлари қаторида туман ФХДЁ бўлими ҳам ўз имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда фаол иштирок этмоқда. Фуқаролар йиғинларида, мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўтказилаётган тадбирларда мамлакатимизда оила институтини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тарғиб қилинмоқда, қонунчилик моҳияти тушунтирилмоқда, оила мустаҳкамлиги йўлида тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Қиз болани турмушга узатишдан олдин ўйлаб кўринг. У оилавий ҳаётга, аввалом бор она бўлишга, унга таълим –тарбия беришга руҳан ва жисмонан тайёрми? Тезроқ узатиб, тинай қабилида иш тутиб, ўз дилбандимизни муаммолар гирдобига ташламаяпмизми? Унинг ташвиши бизнинг, барчамизнинг ташвишимиз эканлигини унутишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Модомики, эртанги кунингиз беташвиш, фарзандларингиз баркамол бўлишини истар экансиз, ўсмир қизларимизнинг соғлом бўлишига, уларнинг барча нарсага ўз вақтида эришишига ёрдам берайлик. Ҳар нарсанинг ўз маҳалида бўлгани яхши!
Элликқалъа  тумани ФҲДЁ  бўлими мудираси ввб   Д.Нуриева