Пудрат шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар

Пудрат шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар

Муайян ишларини амалга оширишда, буюртмачи билан пудратчи ўртасидаги муносабатларни тартибга солишда пудрат шартномаси аҳамиятли ўрин касб этади. Пудрат шартномасини тузишда қонунда белгиланган зарурли шартлар киритилиши лозим.

Фуқаролик кодексининг (буннан буён матнда ФК деб юритилади) 631-моддасининг биринчи қисмида пудратчи буюртмачининг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбурияти шартноманинг муҳим шарти сифатида белгиланган.

Бундан ташқари пудрат шартномасининг маиший пудрат, қурилиш пудрати, лойиҳалаш ёки қидирув ишлари пудрати, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технология ишлари пудрати турлари бор.

ФКнинг 670-моддасига кўра, пудратчи қурилиш ва у билан боғлиқ бўлган ишларни ишнинг ҳажми, мазмуни ва уларга қўйиладиган бошқа талабларни белгилайдиган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириши шарт.

ФК 671-моддаси учинчи қисмига кўра, агар ишнинг қиймати пудратчига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра сметадан камида ўн фоиз ошган бўлса, пудратчи ушбу Кодекснинг 382-моддасига мувофиқ сметани қайта кўриб чиқишни талаб қилишга ҳақли.

Бажарилган ишлар учун ҳақ буюртмачи ва пудратчи томонидан имзоланган қонун ҳужжатларида белгиланган шакл ва тартибда тузилган бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) тўғрисида маълумотнома-ҳисобварақ-фактураси асосида амалга оширилади.

Пудратчига сифатсиз бажарилган ишлари учун тўловлар амалга оширилмайди. Сифатсиз бажарилган ишлар деганда – қурилиш пудрати шартномасида, техникавий лойиҳада ва тарафлар учун мажбурий бўлган қурилиш нормалари ва қоидаларида назарда тутилган талаблардан чекинишга йўл қўйилганлиги, шунингдек қурилиш объектининг лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган кўрсаткичларига, жумладан корхонанинг ишлаб чиқариш қувватига эришилмаганлигини тушунилади.

Камчиликлар бартараф этилганидан сўнг буюртмачи ва пудратчи бу ҳақда далолатнома расмийлаштиришлари лозим.

Ишлар натижасининг пудратчи томонидан топширилиши ва буюртмачи томонидан қабул қилиб олиниши иккала тараф имзолаган далолатнома билан расмийлаштирилади. Тарафлардан бири далолатномани имзолашдан бош тортса, бу тўғрида ушбу далолатномага ёзиб қўйилади ва далолатномани иккинчи тараф имзолайди.

Хулоса қилиб айтганда, тарафларларнинг пудрат шартномаси талабларига амал қилиши, қурилиш ишларини проект-смета ҳужжатларига мувофиқ бажариш, пудрат шартномаси юзасидан келиб чиқадиган низоларнинг олдини олади.

 

Беруний туманлараро

иқтисодий судининг раиси                                              Б.К. КТАЙБЕКОВ