Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллик байрами муносабати билан Элликқалъа тумани ҳокими С.С.Авезовнинг халқимизга байрам табриги

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллик байрами муносабати билан Элликқалъа тумани ҳокими С.С.Авезовнинг халқимизга байрам табриги

Ассалому алайкум, ҳурматли элдошлар!

 

Сизларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллик байрами билан қизғин ва самимий табриклайман. Шу фурсатдан фойдаланиб ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанбасида ўтказилиб келинаётган қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан ҳам Сизларни ва сизлар орқали туманимизнинг бобо деҳқонларига чин қалбимдан байрамлари муборак бўлсин дейман.

Халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз юртимизда демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 1992 йил 8 декабрь куни қабул қилинган бўлиб, 6 бўлим, 26 боб, 128 моддадан иборат. Мамлакатимиз 28 йил давомида босиб ўтган ғоят мураккаб ва шарафли йўл Бош қомусимизнинг ҳаётбахш кучи ва улкан салоҳиятидан далолат беради.

Асосий қонунимиз негизида яратилган Ҳаракатлар стратегияси бугунги кунда жонажон Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда, инновацион ва индустриал ривожланиш сари одимлашда беқиёс ўрин эгалламоқда.  Халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг ташвиш-муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилиш фаолиятимизнинг асосий мезонига айланди.  Айнан шу сабабли Бош қомусимизни чуқур ўрганиш, англаш, ҳаётга жорий этиш ва унга сўзсиз амал қилиш – барчамизнинг шарафли бурчимиздир.

Ҳурматли дустлар!

Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомиз Оқсарой пештоқига “Адолат – давлатнинг асоси ва  ҳукмдорлар шиоридир”, деган ҳикматли сўзларни ёздиргани бежиз эмас, албатта. Ушбу улуғвор ғоя инсон қадр-қимматини олий даражага кўтариш борасидаги амалий ҳаракатларимиз пойдеворига айланди.  Бугунги кунда юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини қонуний ҳимоя қилиш бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда.

Халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш – Конституциямизнинг бош мақсадидир.

Ислоҳотлар натижасида аҳолининг турмуш даражаси ва реал даромадлари албатта ошиб бормоқда. Мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашнинг энг самарали йўли бу – тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Конституциямизда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик эркинлиги, барча мулк шаклларининг тенглиги ва давлат томонидан бирдек муҳофаза этилиши кафолатланган.

Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтишимиз жоиз-ки, бу йил ҳалқимиз коронавирус пандемияси даврида оғир шароитларни бошдан кечирди, шу даврларда ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан саҳоват ва кўмак жамғармаси ташкил этилиб, ушбу жамғармадан оғир шароитга тушиб қолган оилаларга ёрдам бериш йўлга қўйилди.

Шу билан бирга карантин шароитида ишсиз, даромадсиз қолган эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож оилаларнинг маҳаллада шаффоф рўйхати шакллантирилиб “Темир дафтар” ларга киритилди ва  улар билан сектор раҳбарлари бошчилигида доимий ишлашиш йўлга қўйилиб, “Темир дафтар”дан чиқариш бўйича зарурий чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Бугунги кунда яна бир энг долзарб бўлган масаламиз, жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш бўйича “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” шакллантирилиб, унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилди. Бунинг натижасида улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилди.

Азиз дўстлар!

Ҳар қандай қонун маълум ҳуқуқ бериш билан бирга, зиммамизга мажбурият ҳам юклайди.  Асосий қонунимиз билан барча фуқаролар зиммасига Конституция ва қонунларга амал қилиш, бошқаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш мажбурияти юклатилган.  Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг шаклланиши, авваламбор, тарбия ва муҳит билан бевосита боғлиқдир  Шу боис, биринчи навбатда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқий тарбияни кенг йўлга қўйишимиз лозим. Оддий қилиб айтганда, фарзандларимизга болалик пайтидан “яхши” ва “ёмон”, “мумкин” ва “мумкин эмас” деган тушунчалар ўртасидаги фарқни ўргатишимиз, ўзимиз эса уларга доим шахсий намуна бўлишимиз керак.

Бир сўз билан айтганда, Бош қомусимизнинг ҳар бир моддаси биз учун дастуриламалга, ҳаётимиз қоидасига айланиши зарур.  Бунинг учун Асосий қонунимизни умумтаълим мактабларида, олий ўқув юртларида, маҳалла ва меҳнат жамоаларида тизимли равишда ўрганиш чора-тадбирларини чуқурлаштиришимиз керак.

Биз жамиятимизда шундай ҳуқуқий маданиятни шакллантиришимиз керакки, унга мувофиқ Конституция ва  қонунларга амал қилиш, бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш мажбурият эмас, балки кундалик қоида ва одатга айланиши шарт. Муҳтасар қилиб айтганда, фуқароларимиз қонунларни бузишдан кўра, уларга амал қилишдан манфаатдор бўлишлари лозим.

Барчамиз бир нарсани тушуниб олишимиз керак: яхши яшаш учун энг аввало яхши меҳнат қилиш, ҳуқуқ ва эркинлик билан бирга, жавобгарлик ва масъулиятни ҳам чуқур ҳис этишимиз зарур. Бунга эришиш эса, фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ.

Юртимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ўғил-қизларимизнинг илмга, ҳунарга бўлган интилишларини ҳар томонлама кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш келгусида ҳам ислоҳотларимиз марказида бўлади.

Сизларни бугунги Конституция байрами билан яна бир бор самимий муборакбод этаман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, узоқ-умр, оилаларингизга бахт-саодат, юртимизга тинчлик ва осойишталик тилайман.

 

Эътиборингиз учун раҳмат!