Азиз тумандошлар!
Барчангиз оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлар орқали ушбу ҳафта давомида юртимизда ҳавонинг кескин юқори бўлиши ҳақида ўқиб, хабар топиб улгургансиз, албатта.
Шуни инобатга олган ҳолда барчангиздан муҳим сабаблар бўлмаганда кўчага чиқмасликни ва ўзингизни иссиқдан ҳимоя қилишингизни сўраймиз.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарларига кўра ушбу иссиқнинг хавфи шундан иборатки, инсон тана ҳарорати 37.1 С’дан 38.8 С’га кўтарилиб, унинг саломатлигига салбий таъсир этиши мумкин. Инсон тана ҳароратининг кўтарилиши тананинг қизаришига ва кучли чанқоққа олиб келади. Кейинчалик, ҳушдан кетиш, нафас қисиши ва юрак тўхташига олиб келиши мумкин.
Шунинг учун ҳам жазирамали кунларда кўпроқ салқин жойларда бўлган маъқул, кўпроқ сув ичинг, оч рангдаги, ҳаво ўтказадиган кийимлардан фойдаланинг, совуқ таомлар истеъмол қилинг, бош кийимсиз кўчага чиқманг.
Шуни ҳам айтиш керакки, кузатилаётган бундай жазирама кунларда биринчи навбатда бошни қуёш нуридан асраш муҳим аҳамият касб этади. Чунки бош миядан катта артерия, вена қон томирлари ўтган бўлиб, куннинг иссиқ вақтида бош яланг юрганда бош қизиб, бутун танада иссиқ қон айланиб, инсонларни офтоб уришига олиб келиши мумкин.
Бунинг оқибатида тана ҳароратини кўтарилиши, терининг қизариши, ҳолдан тойиш, нафас олиш ва пульс тезлашиши, юракни тез уриши, бош оғриши, бош айланиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, ҳушдан кетиш ҳолатлари кузатилиши мумкин.
Бундай ҳолатларда офтоб урган одамни дарҳол соя жойга ётқизиб, уст-бошларни ечиб, муздек сувга чойшабни ҳўллаб бутун танасига ўралади, сочиқни муздек сувга ҳўллаб бошига қўйилади. Бўйин ва қўлтиқ соҳасига муз халтачалари қўйилса фойдадан ҳоли бўлмайди. Беморга оз-оздан суюқлик ичирилади ва зудлик билан тез ёрдам чақирилади. Тез ёрдам етиб келгунга қадар юқоридаги муолажалар давом эттирилади.
Лекин иложи борича куннинг иссиқ вақтида кўчага чиқмаслик, чиққан тақдирда ҳам бош кийим кийган ҳолда чиқиш, кунлик овқатланиш рациони эса енгил ҳазм бўладиган таомлар ҳамда мева ва сабзавотлардан иборат бўлиши, кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш лозим. Кофе, ширин газланган сувларни истеъмол қилмаслик мақсадга мувофиқ бўлади.
Қадрли тумандошлар!
Шунингдек, коронавирус инфекцияси ҳам ҳали ҳамон ёнимизда эканлигини, ундан ҳам ўзингизни ҳимоя қилишни, санитария қоидаларига амал қилишингизни сўраймиз. Зеро, бутун дунёда иссиқ даврда коронавирус инфекцияси тарқалиш жараёни ҳам янада тезлашиши кузатилмоқда. Зарурутсиз кўчага чиқмасдан ўзингизни ҳам коронавирус инфекцияси юқтириб олишдан, ҳам иссиқ ҳаво оқибатида юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатлардан сақланг.