ЭКСТРЕМИЗМ – ЗАМОН КУШАНДАСИ

Маълумки, Ўзбекистон давлати мустақилликнинг илк кунлариданоқ ўзининг динга муносабатини аниқ ва қатъий белгилаб олди. Давлатнинг динга муносабати “Инсон эътиқодсиз яшай олмайди”, “Дунёвийлик – даҳрийлик эмас” деган аниқ тамойиллар асосида белгиланди. Бу тамойил бош қомусимиз Конституция ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда ўзининг ҳуқуқий ифодасини топган. Бугунги кунда динга бўлган қизиқишнинг кучайиб бориши глобаллашув жараёнларининг ўзига хос инъикоси дейиш мумкин. Зеро, глобаллашув дунёни бир бутун ва яхлит қила бориши билан бир қаторда, унинг ҳосиласи сифатида алоҳида олинган миллат ва жамиятлар даражасида ўз-ўзини англашга бўлган интилишнинг чуқурлашувига ҳам замин яратмоқда.

Афсуски, коммуникация ва информацион технологияларнинг тез суръатлардаги тараққиёти ғоявий таъсир ўтказиш имкониятларининг кенгайишига туртки бўлиб, геосиёсий мақсадларга бўйсиндирилган, инсон қалби ва онги учун курашларнинг янгидан-янги усул ва воситаларининг кўпайиб бораётгани, айниқса, бу борада дин омилидан фойдаланишга уринишларда яққол намоён бўлмоқда. Аксарият ҳолатларда ушбу кураш қуролли тус олиб, кўплаб халқларнинг бошига фожиали кунларни солмоқда.

Маълумотларга кўра, бугун дунёда 500 га яқин террорчилик ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 80 фоизи ислом ниқоби остида фаолият юритади. Улар қаторига “ИШИД (Ироқ ва Шом ислом давлати)”, “Жабҳа ан-Нусра”, “Ансару аш-Шам” (Сурия), “ал-Қоида”, “ал-Жиҳод ал-Исломий”, “ат-Такфир ва-л-Ҳижра” (Миср), “Абу Сайяф” (Филиппин), “Озод Ачех”, “Лашкари жиҳод” (Индонезия), “Қуролли исломий ҳаракат” (Жазоир), “Боко ҳарам” (Нигерия), “Ислом жиҳоди уюшмаси”, “Ўзбекистон исломий ҳаракати” Толбион (Афғонистон, Покистон) каби ташкилотларни киритиш мумкин.

Сиёсий ҳокимиятга интилаётган, диний шиорларни ниқоб қилиб олган ақидапараст оқимлар Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятга салбий таъсир ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Сўнгги йилларда “жиҳодчилар”, сохта “салафийлар” каби диний-сиёсий гуруҳлар, шунингдек, “Хизбут таҳрир” диний-экстремистик гуруҳи республикамизда фаол ҳаракат қилишга уринмоқдалар.

Сўнгги йилларда мутаассиб оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини хорижий мамлакатлардаги меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “Интернет” орқали тарғибот ўтказиш, оила аъзолари, яқинлари ва қўшниларини ўз гуруҳига тортиш, яширин “ҳужралар” ташкил этиш, диний-экстремистик мазмундаги материалларни босма, электрон кўринишда тарқатиш каби усулларда амалга оширмоқда.

Минг таассуфки, бизнинг юртимиздан ҳам айрим ёшлар ота-онасини қон йиғлатиб Сурия, Ироқ каби фитна ўчоқларига кетиб қолмоқдалар. У ерларда дийдаси қотган жаллодларга айланган бу жоҳиллар юртига қурол ўқталиб ўз халқи, ота-онаси ва диндошларига таҳдид билан дағдаға қилишдек тубанликка юз тутяптилар.

Юқорида қайд этилганлардан келиб чиққан ҳолда, шунингдек, юртимизда ижтимоий-маънавий ва диний вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш, турли диний экстремистик оқимларга қарши курашни янада фаоллаштириш ҳамда ёшларни ёт ғояларга қўшилиб кетишининг олдини олиш мақсадида диний соҳа ходимлари қуйидагиларга аҳамият қаратиши зарур ҳисобланади:

– жойларда фуқаролар ичида дин билан боғлиқ жараёнлардан доимий равишда бохабар бўлиб юриш,  вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш бўйича мутасадди ташкилот ва идоралар билан амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш;

– ўқув муассассалари, маҳалла йиғинлари, корхона ва ташкилотларда ёшларни дунёвийлик, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган амалий чора-тадбирлар ва маънавий-маърифий ишларнинг таъсирчанлигини ошириш;

– таълим муассасаларида «Тинчлик энг олий неъмат», «Исломда экстремизм ва терроризмга ўрин йўқ», «Диний-экстремистик оқимлар – давлат ва жамиятга таҳдид» каби мавзуларда давра суҳбати ва семинар-машғулотлар сон ва сифатини ошириш, тадбирларда диний экстремистик ва террористик гуруҳларнинг асл қиёфасини фош этувчи, жиноятлари акс этган видеотасвирлардан фойдаланиш;

– жойларда масжид ва алоҳида уйларда(ҳужраларда) ноқонуний диний таълим бериш ҳолатларига барҳам бериш юзасидан тушунтириш ишлари тизимли ўтказиш;

– маҳаллий ОАВда диний экстремизм ва миссионерлик ғояларининг жамиятга таҳдиди ҳақида давра суҳбатларида иштирок этиш, халқаро терроризм ҳамда диний экстремизм ғоялари замирида ғаразли геосиёсий мақсадлар ётганлиги, ақидапарастлар исломни бузиб талқин қилишларини асосли тарзда фош этувчи чиқишларни кўпайтириш;

– Тошкент ислом университети, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом институти, Имом Бухорий халқаро маркази, ЎМИнинг жойлардаги вакилликларининг интернет сайтларига соф ислом таълимотларини ёритишга бағишланган ҳамда турли норасмий, ғаразли оқимлар томонидан даъво қилинаётган ғояларга (хусусан, мазҳабсизлик, такфир, ҳижрат, жиҳод) ҳаққоний илмий раддия мазмунидаги мақолаларни мунтазам бериб бориш;

– маҳалллаларда ҳушёрлик ва огоҳликни таъминлаш, ёшларнинг тарбиясида оила маъсулиятини оширишга қаратилган тадбирлар уюштириш ва бу каби ишларда фаол иштирок этиш, меҳнат мигрантлари билан уларни жиҳодий жамоалар таъсирига тушиб қолиши олдини олишга қаратилган суҳбатларда иштирок этиш;

– ҳокимият, корхона, ташкилот, “Маҳалла” ва “Нуроний” жамғармалари билан ҳамкорликда хайрия фаолиятини кучайтириш орқали экстремистлар учун «фаолият майдонини» торайтириш ва йўққа чиқаришга алоҳида эътибор қаратиш;

– диний-экстремистик оқимлар таркибида содир этган жинояти учун жазо ўтаган, ҳозирда тузалиш йўлига кирган ва амнистия туфайли озодликка чиққан шахслар билан ўтказиладиган тарбиявий ишларда қатнашиш, уларга ақидапарастликнинг асл моҳияти ва зарарли оқибатларини тушунтириш билан ижобий таъсир ўтказишга урғу бериш.

Тинчликни асраш ҳушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Шу нуқтаи-назардан, глобаллашув жараёнлари шиддатли тус олган ҳозирги замонда халқимизда, айниқса, ёшларда миллий ғурур, ифтихор, туйғусини, янада чуқурроқ шакллантириш, ёт ғоялардан сақловчи мафкуравий иммунитет шакллантириш Ўзбекистондек буюк Ванатимиз келажагига ўзини маъсул ҳисобловчи барча юртдошларимизнинг, шу жумладан, диний соҳа ходимларининг муҳим вазифаси бўлиб қолади.