Сохта салафийлар томонидан илгари сурилаётган мазҳабсизлик ғояси ислом шариатини тўғри тушунишга хавф солаётган хатарли ғоялардан биридир.
Сохта салафийлик мафкурасига кўра фиқҳий мазҳабларни тан олмайди, тўғридан тўғри шариат аҳкомларини амалга тадбиқ этиш энг тўғри йўл деб ҳисобланади. Сохта салафийлар томонидан илгари сурилаётган мазҳабсизлик ғояси ўтган минглаб олимларнинг қилган меҳнатларини, қанча машаққатлар билан умр сарфлаб яратилган ноёб манбаларни бекорга чиқаради. Асрлар давомида барча мусулмонлар амал қилиб келган анъаналар нотўғри, шунча мусулмон адашган экан, деган хулосага олиб келади. Энг аянчлиси, мусулмонларни бирлаштириб, жамлаб турган тўғри йўлга путур етказади. Бунинг натижасида эса, мусулмонлар орасида ўзаро парокандалик юзага келади. Бу тариздаги мазҳабсизликка чақириқ мазҳаблар моҳиятини ва қийматини умуман билмасликдан келиб чиқади. Гарчи мазҳаблар 4 та бўлса ҳам, улар ягона аҳли сунна ва жамоанинг йўналишлари сифатида эътибор қилинади ва мусулмон умматини жамлайди, бирлаштиради. Зеро, Пайғамбаримиз (алайхис салом) шундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳ умматни бирор залолатга жамламас”. Яна бир ҳадисда “Мусулмонлар яхши деб билган нарса Аллоҳнинг ҳузурида ҳам яхшидир” дейилган.
Мазҳабсизлик ғояси – компьютер вируси каби юртимизнинг ҳанафий мазҳаби таълимоти билан боғлиқ ўн икки асрлик тариҳини бир зумда ўчириб ташлаб, ўрнига ўзининг зарарли ғоясини юкламоқчи бўлади. Ҳозирги кунда ҳали ҳам юртдошларимиз орасида билиб билмай мазҳабсизлик ғояси таъсирида юрган кишиларнинг мавжуд бўлиши бу ғоянинг бузуқ моҳиятини хақимизга тушинтириб бериш, мазҳабларнинг асл моҳияти, уларнинг бебаҳо қиймати, хусусан халқимиз азал азалдан амал қилиб келаётган ҳанафий мазҳабининг аҳамиятини халқимизга, ёшларимизга тўғри тушунтириб бориш боришимиз керак.
Элликқалъа тумани бош имом хатиби: И.Атажанов