Қирғинбарот уруш йилларида одамлар очликдан, муҳтожликдан эзилиб, ҳамма нарсасини сотиб, очликдан силласи қуриган болаларига бир бурда нон олиб берганлигини кўп эшитганмиз. Ўшандай оғир йилларда ҳам одамлар ҳамма нарсасини, бор- будини сотса ҳам, ҳеч ким боласининг бешигини сотмаганлигини ҳар гал эслаганда, юракни шарҳсиз туйғулар эгаллаб олади. Жонсиз ёғоч буюмга шу қадар эҳтиромда ўзига хос меҳр борлиги бизнинг ўзбекона ўлмас қадриятимизга айланганлиги кўнгилга ғурур бағишлайди.
Бугун-чи, бугун? Бешик эмас, ўз боласини сотаётганларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Ажабо, онани ўз дилбандини сотишга нима мажбур қилиши мумкин? Эътибор қилганмисиз, ҳатто ақл-идроки йўқ энг йиртқич жонзотлар ҳам боласига яқинлашмоқчи бўлганларни тилка-пора қилиб ташлашга тайёр туради.
Она учун фарзандини зебу зарга, молу дунёга алмаштирадиган бирорта асос, бирорта сабаб, бирорта баҳона йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас! Оналар жар ёқасида ҳам, ўлим тўшагида ҳам сўнгги нафасигача болам деб яшайдиган зот эмасми?
Онани йўқчилик эмас, тўқчилик, бағритошлик, шафқатсизлик, ўз тинчини ўйлаш, “енгил” ҳаёт, ношукурлик, нонкўрлик, энг ачинарлиси, Ватанга хиёнат Оллоҳ берган улуғ неъматни сотишга мажбур қилиши мумкин.
Бугун ана шу меҳрсизик ва оқибатсизлик, ана шу хиёнат туфайли “Меҳрибонлик уй”ларида тарбияланаётган ўғил-қизларнинг аксарияти отаси ёки онаси борлар эканлигида яққол кўринаяпти. Меҳр-оқибатнинг таназзулини “Меҳрибонлик уйи”да боласини қолдириб, ундан бир бора хабар олмаётган ота-оналар, алал-оқибатда оналик ва оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинган кимсалар ҳам ўзбеклигига ишонгингиз келмайди. Аммо бу аччиқ ҳақиқатлардан кўз юмиш қийин. Нонкўрликнинг эса уволи ёмон. Юртимизда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, қонуний манфаатларини таъминлаш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, оила институтини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилишга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгиланиб, бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.
Лекин, шунга қарамасдан айрим ҳотин-қизлар томонидан моддий бойлик орттиришдек ғаразли мақсадларни кўзлаб, жиноят содир қилиш ҳолатлари учрамоқда.
Жумладан, Жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман судида жорий йил октябрь ойида кўриб чиқилган жиноят иши тавсилотларидан кўришимиз мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ва Беруний тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 2021 йил 27 апрель куни соат 18:00ларда Н.Д ўзининг вояга етмаган фарзанди яъни 2020 йил 27 сентябрь куни туғилган ўғлини сотиб моддий бойлик орттиришдек ғаразли мақсадларни кўзлаб, Беруний тумани ҳудудида Тўрткўл туманида яшовчи А.С исмли фуқаро билан учрашиб, унга ўзининг вояга етмаган ўғил фарзандини 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул эвазига сотишга келишиб, Элликқалъа тумани Сарабий ОФЙ ҳудудида ушбу келишилган пуллардан 3.500 АҚШ доллари ва АТБ Микрокредитбанкига тегишли ичида 15.млн.700.минг сўм миқдоридаги пуллари бор бўлган пластик картаси жами 52.млн.553.минг.285 сўм миқдоридаги пулларни олган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур иш юзасидан олиб борилган суд муҳокамасида, судланувчи Н.Д.нинг оилавий аҳволи ва шароитлари урганилганида у икки нафар фарзанди билан ижарада яшаб келаётганлиги, бугунги кунда ҳомиладор эканлиги аниқланди.
Суд, судланувчининг кўрсатмалари ва мазкур ҳолатларни инобатга олиб, инсонпарварлик принципига амал қилиб, унга нисбатан 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаб, 2 йил шартли ҳукм қўллашни лозим топди.
Жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман суди раиси О.Ж.Мауленов