Ўзбекистон Республикасида кема ҳайдовчиларини тайёрлаш тартиби белгиланди. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 июлдаги “Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 421-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳукумат қарорига мувофиқ:
а) кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда кема ҳайдовчиси гувоҳномаларини бериш қуйидагилар томонидан амалга оширилади:
– I, II ва III гуруҳларга кирувчи кемаларни бошқариш учун – Транспорт вазирлиги томонидан;
– кичик ҳажмли кемаларни бошқариш учун – Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан;
– Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан эса – ўзига тегишли бўлган I, II ва III гуруҳларга кирувчи кемалар ҳамда кичик ҳажмли кемаларни бошқариш учун.
б) I, II ва III гуруҳларга кирувчи кемалар ва кичик ҳажмли кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолият бўйича берилган лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.
в) аввал берилган кема ҳайдовчиси гувоҳномалари 2020 йил 31 декабрга қадар ҳақиқий ҳисобланади.
Кема ҳайдовчиси гувоҳномасини олиш масалалари бўйича бевосита Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Транспорт вазирлигига ёки уларнинг ҳудудий бошқармаларига мурожаат қилишингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз! Кичик ҳажмли кемалардан фойдаланиш қоидаларини бузган шахслар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 119-моддасига асосан жавобгарликка тортилади.
Элликқалъа тумани ФВБ ходими катта лейтенант А.Солаев