Элликқалъа тумани  ҳокими С.С. Авезовнинг 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги!

Элликқалъа тумани ҳокими С.С. Авезовнинг 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги!

Ассалому алайкум, қадрли элдошлар!

Ҳурматли ҳарбий хизматчилар,  фахрийлар  ва азиз ёшлар!

 

Авваламбор, Сиз, азизларни бутун юртимиз бўйлаб кенг нишонланаётган 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни ҳамда мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил топганининг 30 йиллиги билан чин дилдан, самимий муборакбод этаман!

Ҳурматли Президентимизнинг мазкур байрамни кенг нишонлаш, униб-ўсиб келаётган ёш авлодни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳар қачонгидан хам катта эътибор қаратаётганларининг замирида жуда теран маъно бор. Қарийб бир ойдан буён юртимизда давом этаётган ватанпарварлик ойлиги, бу ойликка “Халқ ва армия – бир тану бир жон” деган шиор танланишининг ўзи бу қутлуғ байрамнинг ҳалқимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини англатиб турибди.

Биз ҳар гал бу байрамни нишонлар эканмиз, беихтиёр, бугунги тинч ва осойишта ҳаёт қадрини, Ватан туйғусини, эл-юрт олдидаги фарзандлик бурчимизни теранроқ англаймиз, тинчликни, она диёримиз сарҳадларини кўз қорачиғидек асраш ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиз эканини юракдан ҳис этамиз.

Азиз дўстлар!

Сўнги йилларда мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш бўйича тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал этишга қодир, замонавий, ҳар тарафлама пухта қуролланган, профессионал Армияни ташкил этиш ишлари ўзининг юксак босқичига кўтарилди.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг Еттинчи йўналишида мамлакатимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг ишончли кафолати бўлган Қуролли Кучларимиз қудратини янада ошириш хамда дунёда ва минтақамизда вужудга келаётган бугунги мураккаб ва таҳликали вазиятда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек шарафли ишга бағишлаган, халқимиз фахрига айланган жасур ҳарбийларимизнинг жанговар шайлиги, жисмоний ва маънавий тайёргарлигини кучайтириш устувор вазифа бўлиб ҳисобланади.

Чиндан ҳам, соҳа ривожида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, Ўзбекистон ҳақли равишда дунёда энг кучли армияга эга давлатлар қаторидан жой олди.

Мамлакатимизда қабул қилинган “Мудофаа доктринаси”, соҳага доир қонун ва қарорлар, ҳудудларда ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятининг йўлга қўйилиши Миллий армиямизнинг қиёфаси ва жанговар имкониятлари билан бирга ҳарбий жамоалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни тубдан юксалтирмоқда.

Ўтган йили туманимизда мудофа ишлари бўлими қайта таъмирланиб фойдаланишга топширилди. Мудофаа  бўлимлари – “армиянинг остонаси” ҳисобланади. Шундай экан ёшларнинг армия хақидаги илк таассуротлари айнан мана шу даргоҳларда уйғонади, демак ҳарбий-ватанпарварлик тарбия ҳам шу жойда шаклланади.

Ўйлайманки, бугунги катта сана  мамлакатимизнинг шиддат билан юксалиб бораётган Қуролли Кучлари салоҳиятини намойиш этиш билан бирга халқимизда, айниқса, униб-ўсиб келаётган ёшларимизда Миллий Армиямиз билан ғурурланиш, фахрланиш туйғуларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Қадрли тадбир иштирокчилари!

Мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётининг муҳим кафолати бўлган Миллий Армиямиз ҳамиша юртимиз салоҳияти ва қудрати тимсоли бўлиб қолаверсин!

Мард ва жасур ўғлонларимиз, аскар ва офицерларимизнинг юрт олдидаги мардонавор хизматларида юксак муваффақиятлар тилайман!

Халқимизнинг тинч, осойишта ҳаёти, юртимизнинг мусаффо осмонига  кўз тегмасин.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан сиз, азизларни ва оила аъзоларингизни яна бир бор чин юракдан табриклайман.

Барчангизга мустаҳкам соғлиқ оилавий бахт маъсулиятли вазифаларингизни адо этишда улкан зафарлар тилайман!

 

Эътиборингиз учун рахмат!