Маълумки, айни кунларда мамлакатимизда Конституциявий ислоҳотлар жараёни қизғин паллага кирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари Кенгашларининг Қўшма қарори билан тузилган Конституциявий комиссияга ўтган бир ой давомида келиб тушган 60 мингдан ортиқ таклифлар асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан тайёрланган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир конституциявий қонунлар лойиҳалари жорий йил 24 июнь куни Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилди. Қонун лойиҳаси 25 июнь куни умумхалқ муҳокамасига қўйилди.
Мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси бугун Элликқалъа тумани ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинди. Йиғилишни туман ҳокими Сейдамат Авезов очди ва олиб борди. Унда туман ҳокими ўринбосарлари, ҳокимлик масъул ходимлари ва мутахассислари иштирок этди.
Туман ҳокими С. Авезов “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, Конституциявий қонун лойиҳаси Бош қомусимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиришлар киритишни назарда тутади. Бундан ташқари, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилмоқда.
Уларнинг аксарияти мазмун-моҳиятига кўра, “инсон – жамият – давлат”, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилларни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлашга қаратилган.
Йиғилишда туман ҳокими ўринбосари Усман Ражапбаев иштирокчиларни Конституциявий Қонун лойиҳаси бўйича тақдимот билан таништирди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига киритилиши таклиф қилинаётган ўзгартишлар сифатли ва малакали тиббий хизматни ташкил этиш, таълимни ривожлантириш, хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, фуқаролик жамияти институтларининг мақомини ва экологик муҳофаза каби масалаларни конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш билан боғлиқ.
Шу билан бирга, қонун лойиҳаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини такомиллаштириш, жумладан, парламент ваколатларини кенгайтириш, Президентлик институтини такомиллаштириш, жойлардаги вакиллик ва ижро ҳокимияти органларини ажратиш, Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жиҳатдан ривожлантиришнинг конституциявий асосларини янада мустаҳкамлаш масалаларини ҳам ўз ичига олган.
Таъкидлаш лозимки, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида ҳамда Meningkonstitutsiyam.uz электрон платформасида эълон қилинди. Умумхалқ муҳокамаси 2022 йилнинг 5 июлигача давом этади.
Шу ўринда юртдошларимиздан қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифлар йўллаб, фаоллик кўрсатишларини сўраб қоламиз.
Сабаби, ўтказилган умумхалқ муҳокамаси натижаси умумлаштирилиб, қонун лойиҳаси янада такомиллаштирилади. Унинг натижаларига кўра “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилади.