Элликқалъа тумани ҳокими С.С.Авезовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан байрам табриги

Элликқалъа тумани ҳокими С.С.Авезовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан байрам табриги

Ҳурматли элдошлар, тадбир қатнашчилари!

Сизларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллик байрами билан табриклайман.

Халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз юртимизда демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 1992-йил 8-декабрь куни қабул қилинган бўлиб, 6 бўлим, 26 боб ва 128 моддадан иборат.

Асосий қонунимиз негизида яратилган Ҳаракатлар стратегияси бугунги кунда жонажон Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда, инновацион ва индустриал ривожланиш сари одимлашда беқиёс ўрин эгаллади. Ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида қабул қилиниб, ушбу стратегияда юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият этиб белгиланди.

Ҳурматли Президентимиз таъкидлаганларидек биз бундан буён фаолиятимизни “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этамиз.

Халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг ташвиш-муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилиш фаолиятимизнинг асосий мезонига айланди.

Айнан шу сабабли бош қомусимизни чуқур ўрганиш, англаш, ҳаётга жорий этиш ва унга сўзсиз амал қилиш – барчамизнинг шарафли бурчимиздир.

Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомиз Оқсарой пештоқига “Адолат – давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиоридир”, деган ҳикматли сўзларни ёздиргани бежиз эмас, албатта. Ушбу улуғвор ғоя инсон қадр-қимматини олий даражага кўтариш борасидаги амалий ҳаракатларимиз пойдеворига айланди.

Конституциямизда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик эркинлиги, барча мулк шаклларининг тенглиги ва давлат томонидан бирдек муҳофаза этилиши кафолатланган.

Бугунги кунда яна бир энг долзарб бўлган масала, жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш бўйича «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» шакллантирилиб, унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилиб, улар билан тизимли, манзилли ишлаш йўлга қўйилди.

Ҳар қандай қонун маълум ҳуқуқ бериш билан бирга, зиммамизга мажбурият ҳам юклайди.

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг шаклланиши, авваламбор, тарбия ва муҳит билан бевосита боғлиқдир.

Бу эса ўз навбатида ҳуқуқ соҳасида билимларни чуқур ўрганишимизга туртки бўлади.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари, Сизларни яна бир бора Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги байрами билан самимий табриклайман.

Эътиборингиз учун раҳмат!