⚡️⚡️Атоқли давлат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Тажетдинович Ерниязовнинг 75 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.
⚡️Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг азалий дўстлиги ва қардошлигини мустаҳкамлаш йўлида фидокорона хизмат қилган, ижтимоий ва сиёсий фаолияти билан мамлакатимиз тараққиётига катта ҳисса қўшган атоқли давлат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Тажетдинович Ерниязовнинг 75 йиллигига бағишланган хотира кечаси бугун Элликқалъа тумани марказидаги маданият саройида юқори савияда ўтказилди.
⚡️Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 декабрдаги «Атоқли давлат арбоби, Ўзбекистон Қахрамони Муса Ерниязов таваллудининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги 690-сон қарори ҳам қабул қилинган эди.
Хотира кечасида туман ҳокими С. Авезов, сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, фаҳрий нуронийлар, корхона ва ташкилот раҳбарлари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Кечани туман ҳокими С. Авезов кириш сўзи билан очиб, ўз сўзида Муса Ерниязовнинг хаёт йўли ҳақида ўз хотираларини сўзлар экан – Муса Тажетдинович Ерниязов деярли 50 йиллик меҳнат фаолияти давомида ўзининг улкан раҳбарлик қобилияти, бой билим ва тажрибаси, инсонийлик фазилатлари, Ватанга бўлган чексиз муҳаббати ва садоқати билан халқимизнинг қалбидан чуқур жой эгаллаган буюк инсон эди – деб таъкидлаб ўтдилар.
Шундан сўнг сўзга меҳнат фаҳрийси А. Тажиев, Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Я. Қўчқаровлар сўзга чиқиб М.Ерниязовнинг ҳаёти ва ўз халқи учун фаолияти давомида амалга оширган ишлари тўғрисида маъруза қилдилар. Тадбирнинг якуний қисмида Муса Тажетдинович Ерниязов ҳаётига бағишланган ҳужжатли филм намойиш этилди.
Халқимизнинг буюк фарзанди, атоқли давлат ва жамоат арбоби, хушфеъл ва фидоий инсон Муса Тажетдинович Ерниязовнинг ёрқин ҳотираси қалбимизда мангу сақланиб қолади.