“Уч авлод учрашуви” ёшларга ҳаёт сабоқларини берди
Кўпни кўрган нуронийлар тажрибаси ёшлар учун катта ибрат мактабидир. Ўтган йилдан бошлаб мамлакатимизда Президент ташаббуси билан “Уч авлод” учрашувлари ташкил этилмоқда. Инсон қадри улуғланаётган юртда бундай учрашувлар талаба-ёшларни тафаккур қилишга, юрт истиқболи учун масъулиятли бўлишга ундайди. Мулоқот давомида ўтган кунларни хотирлаш, бугунги ўзгаришларга шукроналар айтиш – келажак сари катта мақсадлар белгилаб олишга хизмат қилади. Бунёдкорлик ишларига томошабин бўлиб эмас, камарбаста бўлиш, юртимиз тараққиётига даҳлдорлик билан яшаш эса ёшларнинг бурчидир. Кўтаринки кайфият, нуронийлар билан бўлган мулоқотлар ёшларга кўп нарса беради.
Бугун, Элликқалъа туманидаги 18-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида «Уч авлод учрашуви» бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокими С.Авезов, Нуроний жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Т.Абдижаббаров иштирок қилди. Шунингдек алоқадор масъуллар, туманимизда истиқомат қилаётган фаҳрий нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирок қилдилар.
Учрашув давомида сўзга чиққанлар, фахрийлар ҳаёт йўли, соҳа ривожи учун амалга оширган ишлари, бу йўлда учраган машаққатлар ва қийинчиликлари хусусида ёш авлод вакилларига ҳикоя қилиб берди. Киши ўз олдига мақсад қўйиши ва келажагини режалаштириши лозимлиги, бу йўлда албатта унга муаммолар учраши ва бу муаммолардан билими, салоҳияти ва интилишлари билан енгиши лозимлиги барчага ибрат бўлгулик ҳаётий мисоллар асосида тушунтириб берилди.
Тадбирда бир қатор нуронийлар Нуроний жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ва туман ҳокимлиги томонидан тайёрланган совғалар билан тақдирландилар. Тадбир сўнгида нуроний отахон ва онахонлар бир пиёла чойга таклиф қилиниб маданият ходимлари томонидан концерт дастури намойиш қилинди.