БОЛАЛАРГА БЕРИНГ ДУНЁНИ..

БОЛАЛАРГА БЕРИНГ ДУНЁНИ..

БОЛАЛАРГА БЕРИНГ ДУНЁНИ..

Болалар… Улар бизнинг келажагимиз, бошлаган эзгу ишларимизнинг давомчилари, кўзимизнинг нури,  қалбимиз сурури. Улар билан ҳаётимиз обод, кўнглимиз чароғон. Шу сабабли ҳам болаларимиз бахтли бўлишлари учун ҳамма нарсамизни беришга тайёрмиз. Айниқса, 1 июн – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида уларга кўрсатаётган меҳру муҳаббатимиз янада ошади.

Мана, 73 йилдирки, тўкин ёз фаслининг илк куни кўпчилик мамлакатларда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонланади. Мабодо, бу кун дам олиш кунига тўғри келмаса ҳам, ҳақиқий байрамга айланади. Парк ва аттракционлар, турли болалар оромгоҳлари, театрлар болалар билан тўлиб-тошади. Барча яхши нарсалар уларга бағишланади.
Байрам шукуҳи туманимиз бўйлаб кезмоқда. Бугун Элликқалъа тумани «Қилчиноқ» овул фуқаролар йиғинидаги 24-сонли мактабгача таълим ташкилотида «Беғубор болаликни ёдга олиб»  шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда овул фуқаролар йиғини раиси, маҳалла фаоллари, ота-оналар ва мактабгача таълим ташкилоти жамоаси иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар болажонларга эзгу тилаклар билдириб, келажакда ватанига хизмат қиладиган комил инсон бўлиб етишишларини тиладилар.
Болажонлар томонидан намойиш этилган куй-қўшиқлар, жилокор рақслар йиғилганларга аъло кайфият улашди.

Мазкур мактабгача таълим ташкилоти 1985-йилда ташкил этилган бўлиб, 2018-йил қайта таъмирланган. Бугунги кунда 245 нафар болажонлар 5 асосий, 2 та мажбурий ва 4 та қисқа гуруҳларда тарбиялармоқдалар.