Болаларга беринг дунёни!!!
Токи дунё оппоқ орзуларга, энг эзгу тилакларга лиммо-лим бўлсин. Дунёда болажонлар кулгиси-ю шўх-шодон қийқириғидан-да беғубор нарса бўлмаса керак. Осмон мисол мусаффо, тим қора кўзларини сизга қадаганча, бийрон тилда тинмай савол бераётган, мурғак қалби билан оламдаги жамики ажойиботларни ўргатишга, мушоҳада қилишга уринаётган болакайнинг нурли чеҳрасига боққан ҳар қандай инсон ҳаёт ташвишларини унутади. Зотан, фарзандининг саодати ва бахтиёр дамларини мудом кўриб яшаш ҳар бир инсон умрининг асосий мазмунидир.
Куни кеча Элликқалъа туманидаги 9-сонли мактабгача таълим ташкилотида 1-июн «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокими ўринбосари Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи А. Юлдашева, мактабгача таълим ташкилоти жамоаси, тарбияланувчиларнинг ота-оналари ва болажонлар иштирок этди.
Тадбирда туман ҳокими ўринбосари А. Юлдашева барча болажонларни сана муносабати билан табриклаб эзгу тилакларни билдирди, келажакда ватанга муносиб фарзанд, комил инсон бўлишларини тилади.
Тадбир болажонлар томонидан тайёрланган куй-қўшиқлар бир биридан жилокор рақсларга бой бўлиб йиғилганларга аъло кайфият бағишлади.