Коррупция

Коррупция

Коррупция бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.

Коррупция, шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худду шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш ҳисобланади.

Юртимизда ушбу иллатнинг олдини олиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” ги Қонун қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Жамиятда Қонун талабларига риоя қилмасдан, ўз манфаатлари йўлида, пора эвазига ишларини ҳал этишга ҳаракат қилаётган шахслар ҳам йўқ эмас.

Жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман судида жорий йилнинг май ойида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган қуйидаги иш тавсилотларига кўра, ички ишлар органлари ходимига пора берганлик ҳолати аниқланди.

Жумладан, фуқаро Ф.Ш. 06.03.2023 йилда қудаси У.Д. томонидан  автомашинасини спиртли ичимликлар истеъмол қилган маст ҳолатида бошқариб, автомашина йўл патруль хизмати инспектори томонидан жарима майдончасига қўйилган ҳолати бўйича материални судга юбормасдан, автомашинани жарима майдончасидан олиб чиқиб бериш эвазига йўл патруль хизмати инспектори С.А. га бир неча бор пора тариқасида 100 АҚШ долларини таклиф қилиб, 06.03.2023 йили соат 22:00 ларда Элликқалъа тумани, “Думанқалъа” ОФЙ ҳудудидаги жарима майдончасининг камера кузатув хонасида йўл патруль хизмати инспектори С.А. га 2 млн. сўм пулларни пора тариқасида берган вақтида ушланган ва пора тариқасида берилган 2 млн. сўм пуллар ашёвий далил тариқасида олинган.

Ушбу ҳолатлардан кўриниб турганидек, жавобгарликдан қочиш мақсадида, ички ишлар органлари ходимини пора эвазига ўзига оғдиришга ҳаракат қилинган.

Суд, ушбу шахсга жазо муқаррарлиги принципига асосланиб Қонунда белгиланган жазо чорасини тайинлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 60-моддасига кўра, фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар.

Демак, ҳар бир фуқаро ушбу Қонун талабларига амал қилиши шарт.

 

Жиноят ишлари бўйича

Элликқалъа туман суди раиси О.Ж.Мауленов