ЁЗ ЎТМОҚДА СОЗ
Мўжизавий “Ақчакўл” бўйида жойлашган “Орол болалари” ёзги болалар оромгоҳи ҳар йили ўз қучоғига 5 та сменада 1 минг 200 нафардан ортиқ болани қабул қилади. Табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш, спорт ўйинлари ва мусобақалар, янги дўстлар билан мулоқот имконияти, турли танловларда иштирок этиш – болага мана шу нарсалар керак. Айнан шу ҳордиқни унутилмас қилади, болаларнинг иқтидорини юзага чиқаради, келгуси мавсумгача бир йилга етарли турли таассуротлар билан бойитади.
Элликқалъа туманидаги “Орол болалари” ёзги болалар оромгоҳи иккинчи навбат учун яна 240 нафар болаларни ўз қучоғига қабул қилди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Касаба уюшмалари бирлашмаси раиси, сенатор Улуғбек Жалменов, туман ҳокими ўринбосари Усмонбек Ражапбоев ва тегишли масъуллар иштирок қилди.
Республикамизнинг барча туманларидан келган ҳордиқ олувчи болажонлар учун оромгоҳда етарли шароитлар яратилган. Уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиниши, тўйимли ва фойдали овқатлар, бассейн, спорт тўгараклари шунингдек китоб мутолааси ва ҳар куни концерт дастурлари уларнинг мазмунли хордиқ чиқаришларида замин бўлмоқда.