Элликқалъа тумани ҳокими  Сейдамат Сейдалимович Авезовнинг қурувчилар соҳаси ходимлари куни муносабати билан байрам табриги

Элликқалъа тумани ҳокими Сейдамат Сейдалимович Авезовнинг қурувчилар соҳаси ходимлари куни муносабати билан байрам табриги

Ҳурматли қурувчилар!

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 августдаги “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ,мамлакатимизда август ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни” сифатида нишонланиб келинади.

Шу муносабат билан Сиз, азизларни – туманимизда қурилиш соҳасини равнақ топтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча соҳа ходимларини  чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Мана шу қутлуғ айёмда сизларга ўз номимдан, туманимиз жамоатчилиги ва халқимиз номидан эзгу тилаклар ҳамда чуқур миннатдорлик билдираман.

Биз сизларнинг тимсолингизда ўз меҳнати билан шаҳар ва қишлоқларимизда, бутун юртимизда янги ишлаб чиқариш корхоналари, муҳим ижтимоий объектлар, муҳташам уй-жойлар, йўл ва кўприклар барпо этиб, ҳаётимизни янада обод, гўзал ва тароватли этиш йўлида фидокорона меҳнат қилиб келаётган олижаноб касб эгаларини кўрамиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда, бутун мамлакатимиз каби қурилиш соҳаси ҳам ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилмоқда.

Иқтисодиётимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, ижтимоий ҳаётимиздаги улкан ўзгаришлар, жумладан, Давлатимиз раҳбарининг ушбу соҳадаги қарор ва дастурлари доирасида белгилаб олган вазифаларимиз соҳа ривожини мутлақо янгича тарзда, замонавий илм-фан ва инновация ютуқлари асосида ташкил этишни талаб этмоқда. Айни пайтда замон, ислоҳотларимизнинг ўзи барча жабҳалар қатори ушбу соҳада ҳам янги, янада долзарб вазифаларни олдимизга қўймоқда.

Хусусан, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, қишлоқларни туман марказлари билан боғлайдиган замонавий йўллар қуриш, намунавий лойиҳалар асосида янги боғчалар, мактаблар, оилавий поликлиникалар, аҳолини ўй-жой билан таъминлаш мақсадида кўп қаватли ўйлар  барпо этиш, бозор инфратузилмаси объектлари ва сервис шахобчаларини кўпайтириш  каби масалалар биз учун ғоят долзарбдир.

Ишонаман, қўли гул, азму шижоатли Элликқалъалик  қурувчилар бор билим ва тажрибаси, куч ва имкониятларини сафарбар этиб, бундай улуғвор вазифаларни албатта шараф билан адо этадилар.


Азиз ва муҳтарам қурилиш соҳаси ходимлари!

Сизларни касб байрамингиз билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларингизда доимо ютуқ ва муваффақиятлар ёр бўлсин!