Элликқалъа тумани ҳокими Сейдамат Сейдалимович Авезовнинг 1-октябрь «Ўқитувчилар ва мураббийлар куни» муносабати билан байрам табриги

Элликқалъа тумани ҳокими Сейдамат Сейдалимович Авезовнинг 1-октябрь «Ўқитувчилар ва мураббийлар куни» муносабати билан байрам табриги

Ассалому алайкум ҳурматли устозлар ва мураббийлар!

Аввало, сизларни, сиз орқали барча таълим-тарбия соҳасининг ходимларини Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Бугунги кунда туманимизда 72 та умумтаълим муассасалари, ўрта махсус ва олий таълим муассасасида 3000 нафардан ортиқ ўқитувчилар ўқувчи ёшларга таълим-тарбия бериб келмоқдалар.

Туманимиз педагогларимиз сафида 800 нафардан ортиқ олий ва биринчи тоифали ўқитувчиларимиз фаолият юритиб, улар орасида “Халқ ўқитувчиси”, “Хизмат кўрсатган халқ таълими ходими”, “Халқ таълими фидойиси” “Ўзбекистон Республикаси ёшлар мураббийси” унвонлари, “Соғлом авлод”, “Соғлом турмуш” медали, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари, “Шуҳрат” медали соҳиблари борлиги бизни қувонтиради.

Жорий йилда битирувчи ўқувчиларимизнинг 22 нафари олтин ва 11 нафари кумуш медаллар билан тақдирландилар.

Қувонарлиси жорий йилги байрам арафасида туманимиздан бир қатор педогогларимиз давлат мукофотларига сазовар бўлдилар. Мана ҳозиргина Нукус шаҳрида бўлиб утаётган байрам тадбирида 68-сонли умумтаълим мактаби директори Шухрат Холмурадов, 3-мактаб директори Журабек Хаитов ҳамда 13-мактаб немис тили фани ўқитувчиси Қаландарова Нуқулжонлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси томонидан Давлат мукофотлари билан тақдирландилар.

Шунингдек, педогогларимиздан бир нафари “Халқ таълими фидойиси” икки нафари “Ўзбекистон ҳалқ таълими аълочиси”, етти нафари Қорақалпоғистон ҳалқ таълими аълочиси”кўкрак нишонларига сазовар бўлдилар.

Шунингдек, Хурматли Президентимиз томонидан Қорақалпоғистонлик ёшлар учун қўшимча қабул квоталари Республика давлат ОТМларига давлат гранти асосида 3 мингта, вилоятлардаги давлат ОТМларига базавий тўлов-контракт асосида 6,5 мингта қўшимча қабул квоталари  тасдиқлангани республикамиз ёшлари  учун улкан имкониятлар эшигини очди.

2022-2023 ўқув йилида 1779 нафар ўқувчиларимиз 11-синфни тугатиб,
452 нафари Ўзбекистон олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган эди.
Мазкур қарордан кейин туманимиздан минг нафардан зиёд ёшларимиз талабалик бахтига эришди. Шундан 368 нафари жорий йилги битирувчилар.

Шу билан бирга 1 нафар ўқувчимиз Президент мактаби ўқувчилари сафига қабул қилинди.

Туманимиз ёшлари жаҳоннинг юксак ареналарида юқори шохсупаларга кўтарилиб спорт, фан, санъат йўналишларида ўз иқтидорларини намоён қилмоқдалар.
Спортчиларимиз ўтган ўқув йилида   Ўзбекистон, Осиё ва Жаҳон чемпионатларида 39 та олтин, 51 та кумуш ва 59 та бронза медаллари қўлга киритдилар. Бунда шаҳримизда жойлашган 1-сонли спорт мактабимиз жамоасининг ролини алоҳида таъкидлашимиз лозим.

Ушбу спорт мактаби тарбияланувчиси спортчиларимиз Азатова Шахзода  Қирғизистон Республикасида спортнинг жанговар самбо тури бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ғолиб бўлиб олтин медални қўлга киритди ва жаҳон чемпиони бўлди. Қозоғистон Республикасининг Алмата шаҳрида спортнинг ЖИУ ЖИТСУ кураш туридан Юриева Мафтунахон фаҳрли биринчи ўринни қўлга киритиб олтин медал, Ғуламова Камола иккинчи ўринни қўлга киритиб кумуш медал соҳибаси бўлдилар, Ушбу спортчи қизларимизни барча халқимиз номидан қизғин табриклаймиз.

Шунингдек, Ибрахимбаева Севинчой, Маткаримова Асал, Исмаилова Гулчирой, каби спортчи қизларимиз жаҳон ареналарида спортнинг самбо тури бўйича юртимиз байроғини баландларга кўтариб келмоқда.

Шунингдек ёшлар ўртасида ўтказилаётган “Беш ташаббус” олимпиадасида туманимиз ёшлари муносиб иштирок қилиб Республика босқичида совринли ўринларни эгаллаб ўзлари истиқомат қиладиган маҳаллаларига жами 4 та спорт мажмуаси қурилишини ютиб олдилар. Хусусан, Гулистон овулида 2 та, Қизилқум овулида 1 та, Оқ-олтин маҳалласида 1 та спорт мажмуаларини қуриш ишлари бошлаб юборилди.

Мактабгача таълим тизимини янада ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор берилиб, бугунги кунда туманимиздаги 3-7 ёшдаги болаларнинг 74,5 фоизи мактабгача таълимга қамраб олинди. Бу соҳадаги ишларни янада яхшилаш, болаларни боғчага қамраб олинишини йил якунигача 80 фоизга етказиш мақсадида бу йил туманда 3 та давлат-хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим ташкилотлари фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Шу билан бирга маҳаллий бюджетдан 2,5 млрд сўм маблағлари эвазига “Чўпон” маҳалласида жойлашган 28-сонли мактабгача таълим ташкилотини реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Фарзандларимиз замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашлари учун энг қулай шароитлар яратиш изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, Чуқурқоқ маҳалласидаги 33-сонли мактаб ўқувчилари учун 4,2 млрд маблағ ажратилиб, янгидан барпо этилган 176 ўринли мактаб биносининг фойдаланишга топширилиши халқимизга байрамона туҳфа бўлди.

Қадрли дўстлар!

Шунингдек, умумтъалим мактаблари ўртасида ўтказилган Заковат интелектуал турнирининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида туманимизнинг 67- умумий ўрта таълим мактаби жамоаси фаҳрли деб топилиб турнирнинг Ўзбекистон Республикаси босқичига йўлланмани қўлга киритгани таълим соҳасидаги ислоҳотларимиз самарасига яна бир далилдир.

 

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

 

Мактабларимизнинг моддий техника базасини мустаҳкамлаш борасида охирги йилларда катта ўзгаришлар бўлиб, барча мактабларимиз янги замонавий компьютерлар хамда ўқув жиҳозлари билан таъминланиши таълим тизимидаги ислоҳотларнинг натижасидир.

Бир сўз билан айтганда, ёшларимиз учун ривожланган мамлакатларнинг таълим тизимидан қолишмайдиган барча шароитлар яратиб берилмоқда.

Ушбу қутлуғ айёмда барча устоз ва мураббийларимизни 1 октябр ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан табриклаб, шарафли ва маъсулиятли фаолиятларингизда катта муваффақиятлар, хонадонларингизга тинчлик-омонлик, қут барака тилайман.

 

 

Перейти к содержимому