Ассалому алайкум муҳтарам устоз ва мураббийлар!
Аввало, Сиз, азизларни, таълим-тарбия соҳасида меҳнат қилаётган барча педагог ходимларни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан табриклаб, энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Бугун ушбу қутлуғ айёмни нишонлар эканмиз, биринчи навбатда қадрдон мактабимиз, бизга ҳарф ўргатган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон устозимиз сиймоси кўз олдимизда намоён бўлади. Биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган сизлар каби азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимни изҳор этиб, жонкуяр, фидойи ўқитувчи ва мураббийларимизга чуқур ҳурмат бажо келтириб, чин дилдан таъзим қиламиз.
Муҳтарам Юртбошимизнинг “Ҳар бир мурғак болани ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидоий касб эгаларидир”, деган пурмаъно сўзлари, албатта Сиз азиз устозларга берилган энг муносиб баҳодир.
Эътироф этиш жоизки, жорий йилда Давлатимиз раҳбари томонидан соҳага оид қабул қилинган муҳим ҳуқуқий, айни вақтда тарихий ҳужжатлар, қад ростлаётган замонавий таълим муассасалари, яратилаётган кенг шарт-шароитлар барчамизни қувонтирмоқда.
Айниқса, Муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида берилган кенг имконият ва имтиёзлар Сиз азиз устозларни янада руҳлантириб, янги-янги марралар сари илҳомлантириши табийи.
Буюк Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам сизларнинг олижаноб меҳнатингиз ҳаққини адо этиб бўлмайди.
Бу ҳақда фикр юритар эканмиз, улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг: “Авлодларингизга фақат бугуннинг эмас, келгуси замоннинг илмини ўргатинг”, деган сўзлари беихтиёр ёдимизга тушади.
Биз бугун замонавий билим ва касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртангги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган минг-минглаб фарзандларимиз камолида ўқитувчи ва мураббийларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва сизларнинг бу улуғ хизматингизни юксак қадрлаймиз.
Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг бевосита раҳбарлигида ўқитувчи ва мураббийларга давлат миқёсида катта эътибор ва ғамхўрликлар кўрсатилмоқда.
Таълим ва тарбия тизимини мутлақо янги босқичга кўтаришга йўналтирилган қатор муҳим қарорлар қабул қилинмоқда. Ўтган қисқа даврда мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, мактаб таълимида 11 йиллик тизимга ўтиш, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини оптималлаштириш, нодавлат таълим хизмати кўрсатиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Мазкур соҳани ривожлантириш учун ажратилаётган бюджет маблағлари ҳажми ҳам ортиб бормоқда. Таълим-тарбия масаласига комплекс ёндашган ҳолда, боғча таълими билан бирга олий таълим тизимини ҳам узвий ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бунинг мисоли сифатида туманимизда янгидан ташкил этилган 5 та Давлат хусусий шерикчилиги ва 6 та оилавий нодавлат таълим муассасаларида 3-7 ёшдаги фарзандларимизни мактабгача таълимга қамрови жорий йилда 40 фоиздан 46 фоизга ошганини, кўришимиз мумкин. Тумандаги мактабгача таълим ташкилотларини ривожлантириш мақсадида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Шарқ Юлдузи” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 100 ўринли 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 2,3 млрд сўм маблағ ҳисобига реконструкция ишлари, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига “Қаватқалъа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 7-сонли ҳамда “Тоза боғ” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 16-сонли мактабгача таълим ташкилотларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Эътироф этиш жоизки, жорий йилда Давлатимиз раҳбари томонидан соҳага оид қабул қилинган муҳим ҳуқуқий, айни вақтда тарихий ҳужжатлар, қад ростлаётган замонавий таълим муассасалари, яратилаётган кенг шарт-шароитлар барчамизни қувончимизга қувонч қўшмоқда.
2020 йил 1 январдан туманимиздаги Сарабий агроиқтисодиёт коллежи ўрнида бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган таълим мактаби, Тиббиёт коллежи ўрнида ўрта профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасаси, Бўстон ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежи ўрнида Бустон ахборот коммуникациялар техникуми, Элликқалъа қишлоқ хўжалиги коллежи ўрнида Касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг ташкил қилиниши юртимизда кадрлар тайёрлаш сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.
Хурматли устозлар!
Сизларнинг фидокорона меҳнатларингиз эвазига жорий йилда 274 нафар ўқувчиларимиз юртимиздаги олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилиндилар. Айни шу лаҳзаларда меҳри дарё устоз ва мураббийларимизнинг сабоғини олиб, ҳаётда ўз ўрнини топган, она юртимизга муносиб хизмат қилаётган шогирдлар қувончини шунчаки таърифлаб бўлмайди.
Байрам арафасида бир гуруҳ Қароқалпоғистонлик уқитувчилар Касб байрамлари муносабати билан тақдирландилар. Улар орасида туманимизнинг 61 сонли умумтаълим мактаби уқитувчиси Зайнабжон Абдуллаеванинг «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофатланиши туманимиз устоз ва мураббийларига берилган юксак баходир.
Қадрли устоз ва ўқитувчилар!
Туманимизда ҳам ёш авлод таълим-тарбияси тизимини кенг кўламда ривожлантириш йўлида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, охирги уч йилда 25 мактаб капитал таъмирланиб, янги қиёфа касб этди.
Жорий йилда Инвестиция Давлат дастури асосида “Элликқалъа” овул фуқаролар йиғинида жойлашган 21-сонли умумтаълим мактабига 1млрд.768 млн сўм ҳамда 62-сонли умумтаълим мактабига 1млрд. 549 млн сўм маблағ ажратилиб капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Элликкалъа тумани Халқ таълими бўлими тасарруфидаги 61-сонли умумтаълим мактаби 2020-йил Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан капитал таъмирлаш ишлари учун 4 млрд. 600 млн. сўм маблағ ажратилиб капитал таъмирлаш ишлари якунланиб бугун фойдаланишга топширилаётгани соҳага қаратилаётган юксак эътибордан далолат беради. Шунингдек, махаллий бюджет ҳисобидан 25 сонли умумтаълим мактабида 967 млн сўмлик жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Албатта, туманимизда рўёбга оширилаётган бундай ишларнинг амалий таъсири ва самарадорлигини таъминлашда ўқитувчи ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир.
Азиз ва муҳтарам устозлар!
Сизларни бугунги “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда катта муваффақиятлар, хонадонингизга файзу барака тилайман.
Эътиборларингиз учун рахмат!