Туманда биринчилардан Давлатга пахта топшириш режасини бажарган «Сарабий» овулида бугун катта байрам. Зафар муносабати билан бугун худуддаги хирмонга ўзларининг муносиб улушларини қўшган қатор фермер хўжалиги раҳбарлари ва илғор теримчилар туман ҳокимлиги томонидан рағбатлантирилди.
Худудда 11 та пахтачилик фермер хўжаликларида жами 331 гектар майдонга ғўзанинг “Султон”нави чигити экилиб, йили буйи агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилди ва бугун юқори хирмон яратишга эришилди.
Миришкор деҳқонлар ва мутахассисларнинг таъкидлашича, пахтачиликда бундай юқори ҳосилдорликка эришишнинг ўзи бўлмайди. Бунда билим, малака ва тажриба керак.
– Халқимизда «Ерни боқсанг, ер ҳам сени боқади», деган мақол бежиз айтилмаган, – дейди, “Дустлик” ордени соҳиби, «Тоҳир уғли Боғибек» фермер хўжалиги раҳбари Фарҳод Атажанов – Соҳада катта натижага эришиш учун биринчи навбатда ризқ-рўзимиз манбаи бўлган ерни боқишимиз, тупроқ унумдорлигини оширишимиз зарур. Туман ҳокими бошчилигида биз ана шу муҳим тадбирларга алоҳида эътибор қаратдик. Шунингдек, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасидаги ишлар ҳам ўзининг самарасини бера бошлади. Ғалла ва пахтадан юқори ҳосилдорликка эришилмоқда. Яна муҳим жиҳатлардан бири тупроқ-иқлим шароитига мос навларнинг танланганидир. Хўжалигимизда жорий йилда 331 гектар майдонда ғўзанинг «султон» нави экилиб парваришланди. Ҳосилдорликни бу йил 50 центнерга етказмоқдамиз. Элликқалъа азалдан миришкор пахтакорлар, уста бободеҳқонлар юрти.
Бугунги кунда ҳам бу эзгу анъананинг муносиб ворислари бўлган Сарабийлик фермер ва пахтакорлар жорий йилги ютуқлар сарҳисобидан мамнун бўлиб, эртанги кун истиқболи умидида улкан орзу-мақсадлар билан янги марралар сари интилмоқда.
Далаларда қийғос очилган пахта кўзни қамаштиради. Ҳосил ҳали мўл. Сарабийликлар мавсум якунига қадар ҳосилдорликни 34-35 центнерга етказишни режалаштирган.
Элликқалъа тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.