Бир қарасам ҳар шевангда минг жилолар
Ҳар новдангда, ҳар мевангда минг жилолар.
Қодирийлар, Чўлпонлар-у, Абдуллолар,
Сенинг қайтган кунинг мен туғилган йилим,
Она тилим, эй муқаддас Она тилим.
(Мухаммад Юсуф)
Маълумки, 2019 йилнинг 21 октябрида “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” ПФ 5850 сонли фармони эълон қилиниб, унда 1989 йилда қабул қилинган қонун мамлакат суверенитети ва мустақиллиги сари қўйилган дастлабки қадамларидан бири эканлиги, она тилимиз халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсули эканлиги, бугунги глобаллашув шароитида миллий манфаатларимизни таъминлаш, бу борада аввало ўз маданиятимизни, азалий қадриятларимизни, она тилимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратишимиз билан бир қаторда муҳим чора-тадбирлар ҳам белгиланган.
Жумладан, ушбу фармонга кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаментини ташкил қилиш билан бир қаторда, «Ўзбек тили байрами куни»ни белгилаш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш бўйича Атамалар комиссиясини ташкил этиш, ҳар бир юқори турувчи ташкилот ва муассасаларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимини жорий этиш, давлат тили софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш ва ҳокозо усувор вазифалар белгиланган.
Жорий йилнинг 20-январидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 34-сонли қарорида Республикамизда Давлат тилини ривожлантиришга қаратилган бир қанча чора-тадбирлар белгиланган бўлса, Президентимиз томонидан 10 апрелдаги “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуннинг имзоланиши ва бу сананинг ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирийнинг тавалудди кунига тўғри келганлиги алоҳида рамзий маънога эга.
Яна бир неча кунлардан кейин мамлакатимизда Ўзбек тили байрами куни кенг нишонланади. Ушбу аҳамиятли кунда ва унинг арафасида туманимизда Ўзбек тили байрами кунига бағишланган тантанали байрам тадбирларини юқори савияда ташкил этиши, Олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, умумий ўрта таълим мактаблари, маҳаллалар ва ишлаб чиқариш корхоналарида таниқли олимлар, ижодкорлар, маънавият тарғиботчилари ҳамда санъаткорлар иштирокида она тилимизга бағишланган оммавий тадбирлар, давра суҳбатлари, адабий кечалар ўтказилиши, Ўзбек тилшунослигини ривожлантиришнинг долзарб масалаларига бағишланган илмий-амалий конференция ташкил қилиш, тумандаги барча умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўзбек тили мавзусида иншолар танловини ўтказиш ҳамда энг яхши иншоларни газета ва журналларда, адабий тўпламларда чоп этиш, туман Ахборот-кутубхона марказида тил байрамига бағишланган адабий-маърифий кеча ва янги китоблар тақдимотини ўтказиш каби тадбирлар режалаштирилган. Бундан ташқари оммавий ахборот воситалари ёрдамида «Қадринг баланд бўлсин она тилим!» шиори остида телемарафон ташкил этилиши, мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига ўзбек ва қорақалпоқ тилларини ўргатишга мўлжалланган қизиқарли ўйинлар, тумандаги умумий ўрта таълим мактабларида эса шоир ва тилшунос олимлар иштирокида давлат тилининг гўзаллигини намойиш этишга мўлжалланган адабиёт ва китобхонлик тадбирлари ўтказилиши кутилмоқда. Жорий йилнинг 20 октябридан бошлаб эса ўқувчилар ва талаба ёшлар ўртасида «Тил билимдонлари» интеллектуал ўйинларига старт берилади.
Туманимиз аҳолисини олдимиздаги байрам билан табриклаган ҳолда ушбу тадбирларнинг фаол иштирокчиларига айланишини тилаб қоламиз.
Элликқалъа тумани ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси И.Хўжаниёзов.