Ўз ўлкангни кашф эт! Элликқалъа туманидаги Гулдурсинқалъа ҳақида тарихий афсона.

Элликқалъа туманидаги Гулдурсин овулида жойлашган Гулдурсинқалъа хақида эл орасида хар хил тарихий афсоналар юради. Ривоят қилишларича қадимги Буюк Хоразмшохлар давлати ҳукмдорларининг катта ўғли Ҳасанбой ов қилиш учун 40 та отлиқ билан Жайхун (Амударё) нинг шимол томонига ўтадилар. Эрта тонгдан то пешингача ов қилган чарчаган ҳукмдор ўғли узоқда она кийикни кўриб орқасидан қувиб кетади. Шериклари кун ботаяпти, энди ҳавфли йиртқичлар ҳужум қилиши мумкин деган гапларига қулоқ солмасдан она кийикни қувишни давом қилдиради.

Узоқ қочган ва чарчаган она кийик бирдан катта саксовул тагида тўхтаб қолади. У бир Ҳасаншохга, бир ерга мунгли қараш қиларди. Шох ўғли ўқ-ёйини пастга тушириб яқинроқ борса ҳам она кийик жойидан жилмасди. Кийик тўхтаган саксовул соясида 3-4 кунлик ёш гўдак йиғлаб кийикка талпинар эди. Бир зум тикилиб турган шох ўғли ҳайратдан қотиб қолди. Уни орқасидан келган навкар (отлиқ) ларнинг ғала-ғовури карахт ҳолатдан уйғотди. Отлиқлар кийикка ёпирилиб уни тутганларидан кейин Ҳасанбой овозининг борича юборинглар кийикни деб буйруқ берди. Ва гўдакни қўлига олиб бир зум тикилдида, кетдик дея отига минди.

Гўдакни саройга олиб бориб сарой бекалари, канизаклари қўлига топширдилар. У гўдакнинг қиз бола эканлигини айтишади. Шунда Ҳасанбой отасига “агар рухсат берсангиз бу менинг қизим бўлади” деб шарт қўяди. Отаси рози бўлиб у қизни невараси сифатида тан олади ва унинг  шарафига базм уюштиради.

Орадан йиллар ўтиб Буюк Хоразмшоҳлар давлати ҳукмдори оламдан ўтади. Васиятга кўра ҳукмдорлик Хоразмшохлар сулоласининг тўнғич ўғли Ҳасанбойга ўтади. Шу даврда унинг асранди қизи ҳам балоғатга етади ва сарой маликаси деб эълон қилади. Ички зиддият, қарама-қаршилик ва кўролмаслик  натижасида сарой канизакларидан бири шохнинг асранди маликасига унинг саройга келиши тарихини айтиб беради. Шунда малика бир ҳафта ҳеч ким билан гаплашмасдан, еб-ичмасдан ётиб қолади. Ҳеч бир табиб унинг касалига даъво топаолмайди. Шунда шох қизи (малика) ёнига кириб, “қизим мени кечир, бу тарихни сенга менинг ўзим айтишим керак эди. Мендан нима тилайсан деб ялиниб-ялворибди. Сарой тарбиясини кўрган қиз “мен бугун тонгда туш кўрдим, тушимда мен туғилган ерда, ҳамма ери обод, гулларга бурканган катта бир қалъа қурилган экан. Шу қалъани кўриб Сизга айтаман деб югуриб келаётганимда уйғониб кетдим. Қарасам бу туш экан деб йиғлаб юборибди.” Шох вазирларини чақириб энг саводли уламоларни бир ерга тўплашни буюрибди. Шундан кейин улар ичидан энг саводлисини танлаб унга шох малика қизи кўрган тушини айтиб берибди ва бу туш таъбири нима? деб сўрабди. Шунда у ўйланиб шундай жавоб қилибди: “Маликани топиб олган жойда шундай бир катта қалъа қурдирасизки, у қалъанинг бошқа қалъалардан ўлчамлари катта, 40 та устуни бўлсин ва бу устунлар гулли (нақш қўйилган) устун бўлсин” деб туш таъбирини тамом қилибди. Шундан кейин малика топилган жойда Катта устунлари гулли (Гул устун) қалъа қуриш ҳақида ҳукм қилибди. Ва қалъа қурилишини энг моҳир усталарга топширибди. Бу орада қалъа қурилиши ҳам бошланиб қизи ҳам соғайиб кетибди.

Халқ орасида шу қалъа қурилиш бошлангандан Гулустун қалъа деб донғи кетган экан. Асрлар давомида халқ орасида ҳамда ҳужжатларда Гулдурсин деб ўзгарган.  Археологик қазилмалар натижаларига асосан қалъа эрамиздан аввалги IV-III асрларда қурилган бўлиб ҳозирги қалъа учинчиси (2 марта қайта таъмирланган) ҳисобланади.