Шу кунларда туманимизда жамоат жойлари, кўчалар, бинолар ташқи ёзувлар, шу жумладан лавҳалар, эълонлар, реклама ва кўргазмали бошқа ахборот матнлари, ташқи реклама материалларининг давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлишини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Афсуски туманимиз марказидаги кўчаларда тадбиркорларнинг дўкон, савдо шахобчалари ва дорихоналарининг номлари, реклама объектлари матндаги хато ва камчиликлар такрорий огоҳлантиришга қарамай, “Давлат тили ҳақида”, “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари талабларига жавоб бермайдиган аҳволда. Уларнинг орасида реклама жойининг гувоҳнома ва паспортисиз яъни, ноқонуний тарзда реклама ўрнатиш, дарахтларга зиён етказиб улардан реклама қурилмаси воситаси сифатида фойдаланиш, тегишли ташкилотлардан рухсат олмасдан электр ва ёритиш тизимлари устунларига реклама ўрнатиш, ўз она тилини четлаб ўтиб хорижий тилларда реклама тарқатиш каби ҳолатларни кузатиш мумкин. Туманимиз аҳолиси аксарияти ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, туркман ёки бошқа тилларда мулоқот қилишини ҳисобга олган ҳолда айрим тадбиркорларнинг реклама эълонлари рус ёки бошқа тилларда ёзилиши умуман мантиқсиз ҳолатдир. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида” Қонунининг 20-моддаси кўра лавҳалар, эълонлар, нархномаларнинг давлат тилида берилиши ва зарурат туғилгандагина бошқа тилларда берилиши мумкин.
Тўғри, бундан 22 йил аввал қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунида хорижий тилдан фойдаланиш тўғрисида гап юритилган, лекин аҳоли орасида ушбу тилда мулоқот қиладиган фуқаролар мавжуд бўлмаган ҳолатда, хорижий тилда реклама ўрнатиш бу – ўз давлат тилига бўлган ҳурматсизлик ва менсимасликдан бошқа нарса эмас. Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, айнан мазкур қонунга тегишли бўлган кейинги бир ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш” тўғрисидаги қарори жорий йилнинг 20-февраль санасида эълон қилинган бўлиб, унда реклама бериш тартиби аниқ ва равшан кўрсатилиб ўтилган. Биз кузатган айрим рекламалар давлат тилида ёзилган, лекин Вазирлар Маҳкамасининг 104-қарорида кўрсатилиб ўтилган реклама гувоҳномаси, паспорти каби ҳужжатларни ҳеч бир тадбиркор тақдим қила олмади.
Бугунги кунга келиб, Президентимиз томонидан 2019-йилда “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда яқиндагина эълон қилинган “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари жорий этилган.
Мазкур фармонлар бўйича ўз тилимизни сақлаш, уни халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш каби устивор вазифа ва мақсадлар кўзланган бир вақтда, тадбиркорларга ўзбошимчаликни йиғиштириб, “Давлат тили ҳақида”, “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари талабларига риоя этишни, ўз тилимизни ҳурмат қилишга, эъзозлашга ва нуфузини янада оширишга чорлаб қоламиз.
Тумани ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси
И.Хўжаниёзов