Коррупция — ҳозирги кунда жаҳон давлатларини ўйлантирадиган ўта оғир муаммога айланган масала. Ҳақиқатда ҳам хизмат вазифасидан фойдаланиш орқали давлат мулкига суиқасд қилиш, жамиятга ўз зарарини етказишдан ҳоли эмас. Ўз манфаатини давлат манфаатидан устун қўйиб, қонунбузарлик йўли билан бойлик тўплаш, кўплаб давлатларнинг ривожига салбий таъсирини етказиш хавфли иллат саналади.
Аммо, унинг олдин олишда, энг дастлаб, айниқса, махсус ваколатларга эга мансабдор шахслар орасида тарғибот ташвиқот, тушунтириш ишларини олиб бориш, даромад топишда ноқонуний ҳаракатларнинг оқибати яхшиликка олиб келмаслигини огоҳлантириш зарар қилмайди. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январь кунги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги 419-сонли Қонуни давлатимизда зарарли иллатнинг олдин олишда аҳамиятли ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Мамлакатимизда коррупциоген ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, бюрократик ҳолатларни бартараф қилиш, порахўрлик ва тамагирликка йўл қўймаслик мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқариш органлари, тегишли мутасадди органларга амалга оширадиган вазифалари белгилаб берилди. Ҳозирги пайтда бу йўналишда қатор ижобий ишлар олиб борилмоқда.
Коррупциянинг энг биринчи босқичи пора бериш бўлиб, у мансабдор шахсни ноқонуний йўл билан бойишига қизиқтиришга ва хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлган муайян ҳаракатни бажаришда уни ўзига оғдириб олишга имкон яратади. Порахўрлик жинояти ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, у эса битта шахс томонидан содир этилиши мумкин эмас. Порахўрлик камида иккита шахснинг пора берувчи ва пора олувчининг чамбарчас боғлиқлиги асосида юзага келади. Шу билан бирга, айрим ҳолатларда порахўрлик жинояти содир этилишида воситачилар ҳам алоҳида ўрин касб этади.
Шундай қилиб, порахўрлик бошқарув органлари фаолияти тартибига қарши қаратилган уч мустақил мансаб жиноятлари – пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилишни ўз ичига олади.
Мамлакатимизда порахўрлик жиноятларининг олдини олиш ва уларни фош этиш борасида муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211 ва 212-моддаларига кўра, пора берувчи ҳам, порахўрликка воситачилик қилган шахс ҳам пора олган билан бирдек жазога тортилиши назарда тутилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 май кунги “Ўзбекистон Репсубликасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПФ-5729-сонли фармони билан 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури тасдиқланган. Ушбу Фармон ва Давлат дастурини бажариш мақсадида, Қўмита томонидан чора-тадбирлар режаси ва Қўмита тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича самарадорлик индикаторлари тасдиқланган.
Шу билан бирга 2020 йил 29 июнь кунги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги ПФ-6013-сонли фармони қабул қилинди.
Жамият ҳамда давлат ҳаётининг барча жабҳаларининг ривожланишига салбий таъсирини етказадиган коррупцияга қарши курашишда, кенг жамоатчиликда ўзини четга олмаслиги шарт. Сабаби, халқимиз биргаликда коррупцияга қарши курашса, ижобий натижага эришишига ишонч уйғонади.
Элликқалъа тумани адлия
бўлими етакчи маслаҳатчиси: Ш.Исмаилов