Элликқалъа тумани ҳокими С.С. Авезовнинг 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги!

Ассалому алайкум, қадрли элдошлар!

Ҳурматли ҳарбий хизматчилар, фахрийлар, азиз ёшлар!

 

Авваламбор, сиз, азизларни бутун юртимиз бўйлаб кенг тантана қилинаётган 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни ҳамда мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил топганининг 29 йиллиги билан чин дилдан, самимий муборакбод этаман!

Президентимизнинг мазкур байрамни кенг нишонлаш, шу орқали халқимиз, айниқса, униб-ўсиб келаётган ёш авлодни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳар қачонгидан катта эътибор қаратаётганларининг замирида жуда теран маъно бор. Қарийб бир ойдан буён юртимизда давом этаётган ватанпарварлик ойлиги, бу ойликка “Ким юртига содиқ бўлса — мендирман уша!” деган мардонавор шиор танланишининг ўзи бу қутлуғ байрамнинг ҳалқимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини англатиб турибди.

Биз ҳар гал бу байрамни нишонлар эканмиз, беихтиёр, бугунги тинч ва осойишта ҳаёт қадрини, Ватан туйғусини, эл-юрт олдидаги фарзандлик бурчимизни теранроқ англаймиз, тинчликни, она диёримиз сарҳадларини кўз қорачиғидек асраш ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиз эканини юракдан ҳис этамиз.

Азиз дўстлар!

Ўзингизга яхши маълум, кейинги йилларда мамлакатимиз давлат хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш бўйича тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал этишга қодир, замонавий, ҳар тарафлама пухта қуролланган, профессионал Армияни ташкил этиш ишлари ўзининг юксак босқичига кўтарилди.

Куни кеча  Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табрикларида ҳам соҳада қўлга киритилаётган оламшумул ютуқларимиз мамнуният билан тилга олиниб, Миллий Армиямизни янада ислоҳ қилиш, бунда биринчи навбатда ҳарбий хизматчиларда юксак ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, уларни она юртга садоқат ва муҳаббат руҳида тарбиялаш, интеллектуал билим даражаларини ошириш олдимизда турган энг муҳим вазифа эканига урғу берилди. Бинобарин, табрикда қайд этилганидек, “2020 йил жаҳондаги барча давлатлар қатори мамлакатимиз учун ҳам жиддий синовлар йили бўлди, биз коронавирус пандемиясининг таҳдидига, шунингдек, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида кутилмаган табиий ва техноген офатларга дуч келдик. Ана шундай ғоят кескин шароитда Қуролли Кучларимиз соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Миллатнинг дардига дармон бўлмоқ – чин вазифангиздур”, деган эзгу даъватини ўзига шиор қилиб олди. Улар халқимизга янада яқин бўлиб, сафарбарликни ошириб, қисқа муддатларда ўз олдига қўйилган муҳим вазифаларни муносиб адо этганини барчамиз чексиз миннатдорлик билан қайд этамиз.” дея таъкидлаб ўтдилар.

Ҳозирги мураккаб даврда Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини юксалтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий қурол-яроғ ва аслаҳалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний, маънавий-интеллектуал тайёргарлигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш барчамиз учун энг устувор вазифа бўлиб қолади.

Ҳурматли Президентимиз Ш. М. Мирзиёев  Ўзбекистон Ёшлари форумида, Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида ҳам ушбу йўналишдаги чора-тадбирларни аниқ белгилаб бердилар.

Чиндан ҳам, соҳа ривожида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, Ўзбекистон ҳақли равишда дунёда энг кучли армияга эга давлатлар қаторидан жой олди.

Мамлакатимизда қабул қилинган “Мудофаа доктринаси”, соҳага доир қонун ва қарорлар, ҳудудларда ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятининг йўлга қўйилиши Миллий армиямизнинг қиёфаси ва жанговар имкониятлари билан бирга ҳарбий жамоалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни тубдан юксалтирмоқда.

Мана куни кеча туманимизда мудофа ишлари бўлими қайта таъмирланиб фойдаланишга топширилди. Мудофаа  бўлимлари – “армиянинг остонаси” ҳисобланади. Шундай экан ёшларнинг армия хақидаги илк таассуротлари айнан мана шу даргоҳларда уйғонади, демак ҳарбий-ватанпарварлик тарбия ҳам шу жойда шаклланади.

Ўйлайманки, бугунги катта сана  мамлакатимизнинг шиддат билан юксалиб бораётган Қуролли Кучлари салоҳиятини намойиш этиш билан бирга халқимизда, айниқса, униб-ўсиб келаётган ёшларимизда Миллий Армиямиз билан ғурурланиш, фахрланиш туйғуларини янада кучайтиришга хизмат қилади. Юракларни ҳаяжонга соладиган, ҳаммамизнинг кўз ўнгимиздаги бундай ҳарбий юришларни, жанговар намойишларни бир сўз билан “Армия ва халқ — бир тану бир жондир!” деган олижаноб ғоянинг амалдаги ёрқин кўриниши, десак янглишмаймиз.

Қадрли тадбир иштирокчилари!

Мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётининг муҳим кафолати бўлган Миллий Армиямиз ҳамиша юртимиз салоҳияти ва қудрати тимсоли бўлиб қолаверсин!

Мард ва жасур ўғлонларимиз, аскар ва офицерларимизнинг юрт олдидаги мардонавор хизматларида юксак муваффақиятлар тилайман!

Яна бир бор бугунги байрам барчамизга муборак бўлсин!

 

Эътиборингиз учун раҳмат!

Перейти к содержимому