ЁШЛАРНИНГ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАЙДИГАН ЯНГИЧА ТИЗИМ ЯРАТМОҚЧИМИЗ

Президентимиз томонидан ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселекторда белгиланган вазифалар жорий – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишимиз лозим бўлган кенг кўламли ишларимизнинг махсус йўриқномаси, ҳаракатлар дастури бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Йиғилишда ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Бу борадаги масалаларни тизимли ҳал этиш мақсадида Элликқалъа туманида иқтисодий комплекс ва тижорат банклари ходимларидан иборат ишчи гуруҳларини ташкил қилиб, устувор вазифаларимизни белгилаб олдик.  Тумандаги 36 та овул ва маҳаллалардаги ўғил-қизларнинг таклифларини “маҳаллабай” ўрганишни бошладик.

Ҳозирги кунда туманмизда 18-30 ёшгача бўлган ёшлар сони 34,1 мингдан зиёд. Бу – туман аҳолисининг 21,2 фоизини ташкил этади. Мазкур ёшларни ишчи гуруҳ томонидан ўрганишлар натижасида 3826 нафар ёшлари “Ёшлар дафтари”га киритилди.

Ўтган 2020 йилда “Ёшлар давлат дастури” асосида 6 та лойиҳага     3 миллиард 474 миллион  сўмлик кедит маблағлари ажратилди ҳамда 325 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди.

Туманда хизматлар соҳасида сервис шахобчаларини кўпайтириш, янги замонавий хизмат турларини кенгайтириш мақсадида 2021-2025 йилларда туманда 400 та лойиҳа амалга ошириш белгилаб олинди. Бунда, ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Президентимиз таъкидлаганидек, энг катта заҳиралармиздан бири деҳқончилик қилиш учун ер ажратишдир. Ўтган 2020 йилда “Ҳар бир ёшга – бир гектар” лойиҳаси доирасида 133 нафар ёшларга 133 гектар ер майдонлари ажратилди. Жорий 2021 йилда “Ёшлар дафтари”га киритилган 250 нафар ёшларга 250 гектар ер ажратилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, олис ҳудудлар ва сув бориши қийин бўлган ҳудудларда қудуқлар қазиб, захира ерларни ёшларга фойдаланиш учун бериш, томорқада лимончилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик каби тармоқлар билан шуғулланиши учун кредитлар ажратиш юзасидан лойиҳалар шакллантирилмоқда.

Туманда “Ёшлар кичик саноат зонаси” ташкил этиш бўйича ишлар бошлаб юборилди. Кичик саноат зонасида 20 та лойиҳа доирасида 300 дан ортиқ янги иш ўрнларини яратиш режа қилинмоқда. Бунда албатта ёшларнинг бандлигини таъминлаш устувор вазифа сифатида қаралади.

Жорий йилда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ҳамда туманда спорт билан шуғулланувчи аҳоли сонини 19 фоиздан 25 фоизга ошириш мўлжалланган. Бу натижага эришиш учун тумандаги маҳаллаларда 21 та “Workout” мажмуаси ҳамда Бўстон шаҳрининг марказий кўчасида 3-5 км узунликда “Саломатлик йўлакчалари” қурилади. Шунингдек, корхона, ташкилот ва умутаълим мактабларда 35 дан ортиқ спорт тўгараклари ташкил қилинади.

Ҳозирги ёшларнинг замонавий технологияларга бўлган қизиқиши кундан-кун ортиб бормоқда. Шу боисдан тумандаги ёш йигит-қизларнинг дастурлаш ва ахборот технологиялари соҳасида замонавий технологияларни ўқитиш мақсадида 2020 йилда IT- ўқув маркази ташкил қилинди. Бугунги кунда мазкур марказда 30 ортиқ ёшлар ахборот технологиялари соҳасини пухта ўрганмоқда.

Йиғилишда таъкидланганидек, ёшлар бандлигини таъминлаш омилларидан бири уларни талаб этилаётган касб бўйича ихтисослаштиришдир. Давлатимиз раҳбари томонидан шу пайтгача ишсиз аҳоли ва бўш иш ўринлари ўзаро уйғунликда кўриб чиқилмагани танқид қилинди.

Шундан келиб чиқиб, туманимизда 2020 йил ўз фаолиятини бошлаган “Касбга ўқитиш маркази”да ишсиз ёшларни айнан талаб қилинадиган касбларга ўқитишга алоҳида эътибор қаратмоқчимиз. Ҳозирги кунда ушбу марказда 283 нафар тумандаги ишсиз ёшлар ва аёллар касб-ҳунарга ўқитилмоқда.  Битирувчиларни ишга жойлаштириш ва ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун банк томонидан имтиёзли кредитлар ажратилиш, бир сўз билан айтганда ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлайдиган янгича тизимни яратмоқчимиз.

Бобур Алимов,

Элликқалъа тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи