Ассалому-алайкум, мунис ва муҳтарама онахонлар!
Қадрли опа-сингиллар!
Аввало, Сизларни, Сизларнинг тимсолингизда барча онахонларимиз, опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизни эзгулик ва гўзаллик байрами 8 март – Хотин-қизлар куни билан туманимиз фаоллари, кенг жамоатчилик номидан самимий муборакбод этаман!
Аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидоийлиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келади.
Хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш борасида амалга оширилаётган улкан ишлар самарасида, аёлларимиз барча жабҳада ҳавас қилса арзигулик натижаларга эришмоқда.
Жамият тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган аёлларимизнинг меҳнатлари эса ҳамиша давлатимиз эътиборидадир. Ана шундай ҳурматли аёлларимизнинг кўпчилиги бугунги учрашувда иштирок этаётгани даврамизга янада файз бағишлаб турибди.
Мўътабар онахонлар, мунис опа-сингиллар!
Юртбошимизнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида аёл-қизларимиз учун, олий ўқув юртларига талабаликка қабул қилиш давлат грантларини 2 баробарга кўпайтириш, қизлар учун алоҳида грантларнинг жорий этилиши каби истиқболли режалар бугун ҳар бир ёш авлод қалбини руҳлантириб, юксак марраларни забт этишига асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда аёл-қизларни ҳар соҳада, ҳар жабҳада фаол ва ташаббускор бўлиб, жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.
Ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан 2020 йил 8 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида жамиятда аёллар роли мавқени ошириш ва ёшларга эътиборни янада кучайтириш мақсадида, Аёллар дафтари ва Ёшлар дафтарини шакллантриш бўйича алоҳида топшириқ берган эди. Ушбу топшириқнинг ижросини таъминлаш мақсадида 36 та маҳаллаларда хатлов ўтказилиб, Аёллар дафтари ва Ёшлар дафтари шакллантирилди.
Бугунги кунда аёллар дафтарига киритилган 2942 нафар аёлларнинг ва ёшлар дафтарига киритилган 3826 нафар ишсиз, ижтимоий, психологик муаммоси бор бўлган ёшларни бандлигини таъминлаш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш борасида манзилли дастурлар асосида ишлар олиб борилмоқда.
Аёллар дафтарига киритилган аёлларнинг 27 нафарини бандлиги таъминланди, 23 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди, 22 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилди,
228 нафарига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди, 210 нафарига психологик маслаҳатлар берилди. “Ёшлар дафтарига” киритилган ёшлардан
202 нафарининг бандлиги таъминланди, 85 нафари тадбиркорликка ўқитилди, 13 нафар ёшлар касб-ҳунарга ўқитилиб сертификат топширилди, 14 нафар ёшга имтиёзли кредит берилди,
21 нафар ёшга моддий ва амалий ёрдам берилди, 2133 нафар ёшларга деҳқончилик қилишлари учун
513 гектар ер майдонлари ижара асосида ажратиб берилди.
Ўтган 2020 йилда коронавирус инфекцияси туфайли бутун дунё аҳолиси сингари, Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг ҳам кўпчилиги оғир дамларни бошдан ўтказди шу сабабли, пандемия даврида аҳолимизни қўллаб қувватлаш мақсадида темир дафтарлар шакллантирилиб, ушбу темир дафтарларга 1912 та ёрдамга муҳтож оилалар киритилиб, шу кунгача ушбу оилалардаги ишсизларни ишга жойлаштириш ва моддий ёрдамлар бериш ҳисобига 1696 та оилалар темир дафтардан чиқарилди.
Яна бир муҳим йўналиш сифатида бугунги кунда аёл қизларимизни спорт соҳасида хам салмоқли натижаларга эришаётганлигини кўришимиз мумкин.
Мисол учун спортчи қизларимиздан Мохигул Камилжанова, Шаҳзода Азатова, Севинчой Ибрахимбаевалар спортнинг самбо кураш тури бўйича 2020 йил 4-9 ноябрь кунлари Сербияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида фаҳрли ўринларни эгаллаб, жаҳон ареналарида юртимиз байроғини кўкларга кўтараётганини алоҳида эътироф этиш ўринли деб биламан.
Бундай ютуқ ва марралар аёлларимизда ватанпарварлик жасоратини уйғотиш, келажак авлодлар қалбида озод ва обод ватанимизга бўлган ҳурмат ва садоқат ҳиссини оширишга, фидоийлик билан хизмат қилишга замин яратмоқда.
Қадрли опа-сингиллар!
Ўтган йилларда туманимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида хотин-қизларнинг роли сезиларли даражада ортди.
Туманимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш борасида олиб борилаётган амалий ишларимизнинг натижаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатасида
1 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида
3 нафар, халқ депутатлари туман кенгашида 9 нафар аёл-қизлар фаолият олиб бораётганини фаҳр билан айтишимиз жоиздир.
Шунингдек, бугунги кунда туманда 100 га яқин аёл-қизларимиз турли соҳаларда раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқдалар. Ўнлаб опа-сингилларимиз давлатимизнинг юксак фаҳрий унвонларига, ордени, медаллари ва кўкрак нишонларига сазовор бўлганлар. 61- сонли умумий ўрта таълим мактабининг биология фани ўқитувчиси Абдуллаева Зайнабжан Худайбергеновна «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофатланди.
Кечамиз бугундан, бугунимиз эртанги кунимиздан фарқ қилгани каби, хотин-қизларнинг ютуқлари, қўлга киритган муваффақиятларини янада кўпайтиришмиз, ўсиб келаётган қизларимиз қалбида ҳақиқий ўзбек аёли тимсолини ярата олишимиз лозим. Айниқса, қиз болаларни ҳаётга тайёрлаш, уларни замонавий билимлар, касб-ҳунарларга ўргатишда биз, аввало, сизларга суянамиз.
Ҳурматли опа-сингиллар !
Яхши биламизки, кейинги йилларда Ватанимиз номини, шаъни ва ғурурини дунё миқёсида кўтараётган, турли йўналишларда ўз изланишларини олиб бораётган иқтидорли қизларимиз сони тобора кўпайиб бормоқда.
Аёлларни ижтимоий қўллаб қувватлаш бўйича ўтган йилда кам таъминланган, уй-жойга муҳтож
6 нафар ногирон ҳамда ёлғиз оналар ва боқувчисини йўқотган аёлларга арзон уй-жой ажратиш бўйича шартномалар имзоланиб, бошланғич тўловлар учун қарийб 87,6 миллион сўмга яқин маблағлар тўлаб берилди.
Шунингдек, оғир турмуш шароитидаги хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, 34 нафар аёлларнинг бандлиги таъминланди.
Ўтган йилларда хусусий секторларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш лойиҳаларининг ҳисобига “Агро эксим голд” МЧЖга қарашли гидропоника технологияси асосидаги иссиқхонада 80 нафар, “Бўстон мега текстил” МЧЖнинг ип-калава ва жинси мато ишлаб чиқариш корхонасида 400 нафар, “Бўстон оптимал текстил” МЧЖнинг сочиқ ишлаб чиқариш лойиҳаси асосида
200 нафар “Элликқалъа текс” МЧЖ тикувчилик цехида 80 нафар, “Бобур-Тўлқин-Шаҳноза” МЧЖ қизилмия илдизини қайта ишлаш цехида
50 нафар, “Бўстон силк” МЧЖнинг пиллани қайта ишлаш лойиҳаси бўйича 150 нафар жами 960 нафар аёл-қизларимиз доимий иш ўринларига эга бўлиб, бугунги кунда ўз фаолиятларини олиб бормоқдалар.
Шунингдек Мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш энг устувор вазифа бўлиб, соҳада амалга оширилган ишларни 2017 йилга солиштирадиган бўлсак қамров кўрсаткичи 21 фоиздан 2021 йилга келиб 53 фоизга етди. Бу йилга режаларимиз, мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш даражасини 53 фоиздан 60 фоизга етказиш. Бунда:
-2021 йилда 2 та Давлат мактабгача таълим муассасаларини реконструкция қилиш хисобига -130 нафар;
-Давлат хусусий шерикчилик асосида 6 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш хисобига 525 нафар;
-12 та Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш хисобига 300 нафар;
-мактабга тайёрлашнинг бепул тизими билан 300 нафар 6 ёшли болалар қамраб олиш режалаштирилган бўлиб, ушбу соҳада асосан 97 фоиз аёл қизлар фаолият юритиб, бу йил янги мактабгача таълим ташкилотларининг фойдаланишга топширилиши ҳисобига 100 га яқин аёл қизларимизга доимий иш ўринлари яратилади.
Ҳурматли онахонлар, қадрли опа-сингиллар, мунис қизлар!
Баҳорнинг илк байрами муносабати билан туманимизнинг дилбар, фидоий ва меҳрибон хотин-қизларига шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, сиз ҳар жабҳада илғор, ташаббускор, ибратлисиз!
Мўътабар онахонлар, мунис опа-сингиллар!
Сизларни гўзаллик ва нафосат, янгиланиш ва баҳор байрами билан яна бир бор табриклаб, сизларга оилавий хотиржамлик, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилайман.
Доимо юксак меҳр ва ардоқда бўлиш барчангизга насиб этсин!
Байрамингиз муборак бўлсин!