Ҳақиқатдан ҳам шоир қаерга ва нима мақсадда боришидан қатъий назар оддий одамлар ёнида кўпроқ бўлишга, уларга қўлидан келганича яхшилик қилишга шошиб яшар экан. Бу унинг характерига, характердан шеърларига кўчиб ўтган улкан шахсият десак, асло муболаға бўлмайди. Негаки, райҳондек хокисор, ялпиздек беозор, капалакдек мўмин, қизғалдоқдек камтарин хилма-хил образлари шоир ижодини безаб турган ноёб топилмалардир. Бу ўхшатишлар замирида сизу биз каби оддий одамнинг кайфияти, яшаш тарзи, ҳаёти акс этган бўлса, не тонг!
Унинг яратган ташбеҳларида эскирмайдиган баҳор, хазон бўлмайдиган куз, қаримайдиган умр, ёшлик шукуҳи беқиёсдир. Фасллар алмашинуви сингари шоирнинг ҳар бир фаслга ўз саволлари, мурожаати бор. Шоир ана шу дунёю дундан лаззат туяди, табиатнинг мўъжаз неъматларига юкинади, тиллашади, дардлашади. Бугун ана шу ноёб истеъдоддан ширин хотиралар, армонлар, яхшиликлар, яхши амаллар қолди…
Мен фаолият юритаётган Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг Элликқалъа педагогика факультетида шоирнинг бюсти мавжуд. Аввал бу таълим даргоҳи “Муҳаммад Юсуф номидаги академик лицейи” номи билан аталган. Мазкур даргоҳнинг рўпарасида “Амир Темур номли ботаника боғи” қад ростлаган. Боғда юздан зиёд дов-дарахтлар, гуллар қийғос очилиб, ўзининг гўзаллигини намоён этиб турибди. Дарсдан сўнг талабалар билан сайр қилиб юриб, боғ директори биология фанлари номзоди Мирза ака Бобожонов билан учрашиб қолдик. У киши бизга боғдаги дарахтларни таништираркан, минг йиллик тарихга эга Хива хонлиги ҳовлисида экилган гужум, тут дарахтлардан суҳбатини бошлади.
“Мана бу гужум, – деди ишора қилиб, Хиванинг Ичан ва Дишан қалъаларида совутгич ва намгарчиликни ушлаб туриш вазифасини ўтаган. Бу ота-боболаримиздан келаётган дарахт. Ҳар бир ҳовлида бўлса, ёзда кондиционер вазифасини бажаради. Тагида дам олсангиз, тетиклашасиз. Мана бу – тут дарахти, у қуйи Амударё дельтасида тузланишнинг олдини олади. Тузнинг меъёрдан ошиб кетмаслигини, тупроқ намгарчилигини мувозанатда ушлаб туришга ёрдам беради.
Мен Мирза акага савол бераман. Муҳаммад Юсуф эккан бирор дарахт йўқми? Шоир бу қутлуғ масканларга кўп маротаба ташриф буюрган.
Бор, – деди. – Мана, ўзи вафотидан бир йил олдин келганида ўтқазган. Мен у киши билан кўп суҳбат қурганман. Бу дарахтнинг номи Америка эмани. Минг йил яшайди. Ўзимизнинг чинор каби секин ривожланади. Япроқлари каштан гули сингари майин ва фусункор. Талабалар билан дарахт ёнига яқинлашамиз. Эман дарахти Шимолий Американинг миллий дарахтлари рўйхатига киритилганини эшитмаган эканман. Мазкур дарахт давлат муҳофазасига олиниб, “Қизил китоб”га ҳам киритилган. Муҳаммад Юсуф ўтқазган эман дарахтига зимдан назар ташларканмиз, ҳали кичкина бўлишига қарамай, қуйи Амударё дельтасига мослашганини, секин ривожланиб ўзига хос ажиб бир гўзалликни намоён қилиб турганлигини кўриш мумкин. Шоир ўзидан безавол шеърият қолдирди. Халқимизда яхшидан боғ қолади, деган мақол бор. Яхшидан ўлмас шеърият билан биргаликда боғ ҳам қолди. У қисмат ва тақдир ёзуғи. “Умри азиз” бўлиб яшаш, қисқагина ҳаёти давомида саховатпешалик бобида намуна кўрсатган, “шеър ёзиш ҳам бировга билмай яхшилик қилишдай гап…” дея ҳаётини гўзал мазмун билан тўлдирган шоир ижоди ўз қадр-қимматини йўқотмагай.
Хурсандбек ТЎЛИБОЕВ,
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти доценти