ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИГИ ТЎҒРИСИДА ҚОНУНИ ТАСДИҚЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 13 январда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2021 йил 12 мартда маъқулланиб, 2021 йил 1-апрель куни “Деҳқон хўжаликлари тўғрисида”ги ЎРҚ-680-сонли Қонуни қабул қилинди.

Ушбу қонунга кўра 18 ёшга тўлган, муомалага лаёқатли бўлган, ўзига деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаси мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки ижара (иккиламчи ижара) ҳуқуқи асосида берилган Ўзбекистон фуқароси ёки Ўзбекистон ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахс деҳқон хўжалиги бошлиғи бўлиши мумкин.

Деҳқон хўжалигини юритиш учун 0,06 гектардан 1 гектрагача, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг асосий экиндан бўшаган қисми 0,06 гектардан 10 гектаргача бўлган ўлчамда бир йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага (учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) берилиши, ушбу Деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасидан деҳқон хўжалигининг ихтисослашуви асосида фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун фойдаланилиши керак.

Шу билан бир вақтда бундай ер участкасида 10 бошгача чорва молни ўтлатишга йўл қўйилади.

Деҳқон хўжалиги ўз фаолиятини боғдорчилик ва узумчиликка ёки сабзавот ва полиз экинларини ёхуд бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга ихтисослашиш асосида амалга оширади.

Деҳқон хўжалигининг фаолияти тадбиркорлик фаолияти жумласига киради ва деҳқон хўжалиги аъзоларининг истагига кўра юридик шахс ташкил этган ҳолда ҳам, юридик шахс ташкил этмасдан ҳам амалга оширилиши мумкин.Деҳқон хўжалиги деҳқон хўжалиги бошлиғининг давлат хизматлари марказларига шахсан ташрифи воситасида ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (bo.birdarcha.uz) орқали ҳисобга қўйилади ёки давлат рўйхатидан ўтказилади.

Деҳқон хўжалигини ҳисобга қўйиш учун деҳқон хўжалигининг бошлиғи деҳқон хўжалиги аъзоларининг таркиби тўғрисидаги ахборотни (қариндошлик даражасини кўрсатган ҳолда) ва деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаси берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни, деҳқон хўжалиги юридик шахс ташкил этган ҳолда тузилган тақдирда эса — деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаси берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни ва таъсис ҳужжатларини тақдим этади.

Деҳқон хўжалиги аъзолари оила бошлиғи, унинг хотини (эри), ота-онаси, фарзандлари, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобоси, бувиси ва набиралари, меҳнатга қобилиятли ёшга тўлган бошқа қариндошлари (фарзандлари ва набираларининг эри (хотини), туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг эри (хотини)) деҳқон хўжалигининг аъзолари бўлиши мумкин.

Деҳқон хўжалиги ўз ихтисослашувини, шу жумладан қишлоқ хўжалиги экинларининг турлари ва ҳажмларини, уларни етиштириш ҳамда агротехник тадбирларни ўтказиш усулларини мустақил равишда белгилайди.

Деҳқон хўжаликлари тасарруфида бўлган ер участкалари майдонларини уларнинг розилигисиз мақбуллаштиришга (қисқартиришга, ўзгартиришга ва бошқаларга) йўл қўйилмайди.

 

 

 

Элликқалъа тумани давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи Н.Хаджиев